Олимлар хона салқинлигини сақлайдиган янги бўёқ яратди

17:30 | 2 дақиқада ўқилади.

АҚШ, Хитой, Сингапур ва Швеция олимлари сунъий интеллект ёрдамида ҳароратни пасайтирадиган инновацион бўёқ формуласини яратди. Бу модда уй ва биноларни анъанавий бўёқларга қараганда сезиларли даражада салқин сақлайди.

Scienntiest

«Nature»журналида ёзилишича, янги технология хонанинг ички ҳароратини 5-20°C гача паст даражада ушлаб тура олади. Бу эса энергия сарфини камайтириш ҳамда иқлим ўзгаришига қарши курашда фойдали восита бўлиши мумкин.

Лойиҳа муаллифларидан бири, Техас университети профессори Юебин Чженнинг таъкидлашича, сунъий интеллект тадқиқотга инқилобий таъсир кўрсатиб, бутун жараённи тезлаштирган. «Ойлар давомида режалаштирилган ишлар сунъий интеллект ёрдамида бор-йўғи бир неча кун ичида амалга ошди», — дейди профессор.

Бўёқ таркибида нанофотоник ва мета материаллардан фойдаланилган бўлиб, улар қуёш нурини акс эттириб, иссиқликни бинодан узоқлаштиради. Ихтиро келгусида қурилиш, шаҳарсозлик ва иқлим назорати соҳаларида кенг қўлланилиши мумкин.

Ҳозирча маҳсулот бозорга чиқарилмаган бўлса-да, у юқори самарадорлик ва экологик фойдаси билан илмий доираларда катта қизиқиш уйғотмоқда.