Эроннинг Олий раҳбари Али Хоманаий 25 кундан буён омма олдида кўринмаяпти. Бу ҳолат унинг соғлиғи, қаердалиги ва умуман мамлакатнинг барқарорлиги борасида турли тахмин ва шубҳаларга сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда Iranwire хабар берди.
Хоманаийнинг узоқ вақт жамоатчиликдан четда бўлиши, айниқса, у доимий иштирок этиб келган Муҳаррам ойидаги маросимларда қатнашмагани билан жиддий эътиборни тортди. Эрон ичида ҳам, ижтимоий тармоқларда ҳам одамлар: «У қаерда?», «Оғир касалми?», «Яшириниб олганми?» ёки ҳатто «Вафот этганми?» каби саволларни бермоқда.
Бу ғойиблик Эрон учун оғир сиёсий босим ва халқаро кескинликлар кучайган даврга тўғри келди. Айни вақтда мамлакат Исроил билан зиддиятли вазиятда турибди, ички сиёсатда ҳам танглик ортмоқда. Бу ҳолат кўпчиликка Эрон-Ироқ уруши (1980–1988) давридан кейинги энг хавотирли пайтни эслатмоқда.
Хоманаий ҳар йили одатдагидек Теҳрондаги Имом Хумайний Ҳусайниясида бўладиган маросимларга бошчилик қиларди. Аммо бу йил у ҳеч қандай тадбирда иштирок этмади — бу эса одамлар орасидаги хавотирни янада кучайтирди.
Тўғри, Олий раҳбар илгари ҳам баъзида омма олдида кўринмай қолган. Лекин бу сафарги вазият бошқача — бу гал у бутунлай ғойиб бўлди, ҳатто энг муҳим маросимларда ҳам қатнашмади.
Шу орада Эрон расмийлари — масалан, суд тизими раҳбари Ғуломҳусайн Муҳсини-Эжаий ва президентликка сайланган Масъуд Пизишкиён каби арбоблар омма олдида фаол кўринмоқда. Уларнинг чиқишлари, гўёки, халқни тинчлантириш ва раҳбар йўқлигига қарамай, давлат бошқаруви барқарорлигини кўрсатишга қаратилгандек туюлмоқда.
Тахминлар
Айрим таҳлилчилар бу Хоманаийнинг сиёсий босимдан қочиш учун атайлаб танлаган стратегияси бўлиши мумкинлигини айтмоқда. Бошқаларнинг фикрича эса, у Теҳрондаги Лавизон ҳудудида жойлашган махфий бункерга кўчирилган бўлиши мумкин.
Хоманаий 13 июн куни Исроил томонидан Эрон ҳудудига уюштирилган ҳарбий ҳужумдан сўнг омма қаршисида кўринмай қўйди. Бу вақт ичида унинг иштирокини кўрсатадиган учта видео эълон қилинди. Аммо бу видеолар унинг айни пайтдаги ҳолати ёки қаерда экани ҳақида аниқ далиллар бермайди. Ҳатто охирги видео ижтимоий тармоқларда кўпчиликни ишончга эмас, аксинча, хавотирга солиб қўйди. Баъзилар уни соғайиб кетиши учун дуо қилишга чақирди.
Эътиборга молик чиқишлардан бири — Хоманаийнинг асарларини нашр этиш билан шуғулланувчи идора вакили Меҳди Фазоилийнинг сўзлари бўлди. У телевидение орқали берган интервюсида раҳбар соғлиги ҳақида сўралганда: «У яхши», деб жавоб берди ва шундай дея қўшимча қилди: «Ибодат қилайлик. Иншааллоҳ, халқ бу ғалабани Олий раҳбар билан бирга нишонлайди».
Шунингдек, Хоманаийнинг Х ижтимоий тармоғидаги аккаунтлари ҳам шубҳаларга сабаб бўлди. Форс тилидаги саҳифаси фаоллигини давом эттираётган бўлса-да, инглиз тилидаги расмий аккаунт 26 июндан буён янгиланмаган. Унинг охирги твитида: «Сионистик режим Эрон Ислом Республикасига ҳужум қилса, бу улар учун катта йўқотишларга олиб келади», деган огоҳлантириш ёзилган эди.
Баъзи иддаоларга кўра, Хоманаий мамлакатни тарк этган. Масалан, журналист Осиё Амини Хоманаий Исроил самолётлари ҳаво назоратини қўлга киритишидан олдин Россияга юборилганини айтмоқда. У бу тахминни Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчийнинг Россияга сафари билан боғлайди.
Бошқалар эса бу фикрга қарши чиқмоқда. Уларнинг таъкидлашича, Исроил ва АҚШнинг ҳаво разведкалари Эрон ҳудудида Хоманаий учун хавфсиз жой қолмагани ҳақида сигнал берган.
Шунга қарамай, айрим мутахассислар Хоманаийнинг Эронни яширин тарк этиши амалда деярли имконсиз деб ҳисоблайди.
Мунозаралар давом этмоқда. Х тармоғидаги фойдаланувчилардан бири шундай ёзган: «Хоманаий икки сабабга кўра Эронни тарк этмаган: биринчиси, у ҳокимиятни бой беришдан қўрқади. Иккинчиси, у Россияга ҳам тўлиқ ишонмайди».
Хоманаийнинг узоқ давом этаётган йўқлиги, айниқса, унинг ҳар йили иштирок этадиган Муҳаррам маросимларида бу сафар кўринмаганлиги фонида, ижтимоий тармоқларда ҳазил, норозилик ва истеҳзо тўлқинини юзага келтирди.
«#WhereIsKhamenei» ҳештеги тез орада кенг тарқалди. Кўплар унинг ғойиб бўлишини тизимдаги заифлик, сиёсий беқарорлик ва қўрқув белгиси сифатида талқин қилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда сохта «йўқолган шахс» эълонлари, кулгили мемлар ва ҳажвий твитлар пайдо бўлди. Бу ҳолат одамларнинг хавотирини истеҳзо орқали ифодалашга уринишини акс эттиради.
Баъзи танқидчилар эса масалага диний ёки теологик ёндашув билан қарамоқда.
Баъзи сиёсий кузатувчиларнинг таъкидлашича, Хоманаий сиёсат майдонидан бутунлай четлатилган ва оммавий ахборот воситаларининг жим бўлиши жамоатчиликни унинг охир-оқибат йўқ бўлишига тайёрлаш усулидир.
Меҳриноза Фармонова тайёрлади