Ўзбекистон Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев хизматлар соҳасида солиқ юкини камайтириш, лекин бюджет даромадларини таъминлаш бўйича янги ёндашув устида иш олиб борилаётганини маълум қилди. Бу ҳақда у 5 июл куни ўтказилган очиқ мулоқот давомида маълумот берди.
Кудбиевнинг сўзларига кўра, айланма солиқни бекор қилиш ва унинг ўрнига тадбиркорлар учун енгил ва тушунарли солиқ тизимини жорий этиш масаласи муҳокама қилинмоқда. У мураккаб солиқ тизимлари хатолар ва коррупция хавфини оширишини қайд этди.
Айниқса, хизмат кўрсатиш соҳасида ҚҚС ставкасининг юқорилиги ва айрим соҳаларда, жумладан, тиббий хизматларда сояда ишлаш ҳолати кўпайгани таъкидланди. Кудбиев хизматлар соҳасида солиқ юкини енгиллаштириш орқали иқтисодий айланмани ошириш ва бюджетга тушумни сақлаб қолиш мумкинлигини билдирди.
Ҳозирда Ўзбекистонда бешта турдаги солиқ тизими мавжуд бўлиб, бу тизимларнинг мавжудлиги тадбиркорлар учун маъмурий юкни ошираётгани қайд этилди. Кудбиевнинг фикрича, солиқ тизимини соддалаштириш орқали ҳам давлат, ҳам бизнес ютиши мумкин.
Солиқ қўмитаси раҳбари айтишига кўра, ҳукумат Молия вазирлиги ва Халқаро валюта жамғармаси билан биргаликда солиққа тортишни оптималлаштириш бўйича ечимлар ишлаб чиқмоқда. Бу ечимлар солиқ солинадиган базани кенгайтирган ҳолда солиқ юкини қисқартиришни кўзда тутади. Кудбиев бу борада яқин кунларда янгиликлар эълон қилиниши мумкинлигини таъкидлади.