Ўзбекистонда хусусий мулк эгалари учун ер ва мулк солиқларини бирлаштириш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев 5 июль куни Тижорат-саноат палатаси томонидан ташкил этилган очиқ мулоқотда маълум қилди.
Шерзод Кудбиевнинг сўзларига кўра, ерни хусусийлаштирган фуқаролар ушбу ерни шахсий мулки сифатида фойдаланмоқда. Шу сабабли, келгусида бу мулк учун алоҳида ер солиғи эмас, балки умумий мулк солиғи тўланиши мумкин.
«Агар сиз ерни хусусийлаштирган бўлсангиз, у аллақачон сизга тегишли мулкка айланган. Шунинг учун бу каби ҳолларда фақат мулк солиғи тўланиши тўғри бўлади», — деди Солиқ қўмитаси раҳбари.
Аудиторлардан бири икки карра солиқ тўлаш хавфи ҳақида савол берганида, Шерзод Кудбиев бундай ҳолат юз бермаслигини таъкидлади. Унга кўра, ҳозирча бир пайтнинг ўзида ер ва мулк солиғи биргаликда ундирилмаган.
Ушбу ўзгаришлар 2026 йилдан амалга оширилиши мумкин. Шу билан бирга, мулк солиқлари бозор қиймати асосида ҳисобланиши бўйича иш олиб борилаётгани ҳам маълум қилинди.