Смартфон тақиқлари Нидерландия мактабларида таълим сифатини оширди

13:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Нидерландия ҳукумати буюртмасига кўра ўтказилган тадқиқотга асосан, мактабларда смартфонларни тақиқлаш ўқув муҳитини яхшилаган. Талабалар диққатни тўплашда анча самарали бўлиб, ўзаро ижтимоий алоқалари ҳам кучайган. Илк қаршиликларга қарамай, ота-оналар, ўқитувчилар ва ўқувчилар бундай чорадан мамнун экани қайд этилди.

Smartfon bola

The Guardian нашрининг хабар беришича, 2024 йил январидан бошлаб Нидерландиядаги деярли барча мактаблар дарсларда смартфондан фойдаланишни тақиқлаш бўйича миллий кўрсатмаларга амал қила бошлади. Ўрта мактабларнинг учдан икки қисми ўқувчилардан телефонларни уйда қолдиришни ёки шкафларга жойлаштиришни талаб қилмоқда. Ҳар бешта мактабдан бирида эса дарс бошида телефонлар йиғиб олинади.

Kohnstamm Instituut тадқиқот маркази 317 та ўрта мактаб, 313 та бошланғич мактаб раҳбарлари ҳамда 12 та фокус-группа орқали ўқитувчи, ассистент, ўқувчи ва ота-оналар фикрларини ўрганди. Ўрта мактабларда болаларнинг диққатини жамлаш осонлашгани (75 фоиз), ижтимоий муҳит яхшилангани (59 фоиз) ва натижалар ҳам яхшилангани (28 фоиз) қайд этилган.

Тадқиқотчи доктор Александр Крепел таъкидлашича, ўқувчилар ўртасидаги ўзаро муносабатлар яхшиланди. «Дарс пайтида яширинча суратга олиб, уни WhatsApp гуруҳларда тарқатиш имконияти йўқолди, шу боис ижтимоий хавфсизлик ошди,» деди у. «Дарс оралиғида телефонда ўтириш ўрнига ўзаро суҳбат қилишга мажбур бўлишди. Балки жанжаллар ҳам кўпайгандир, лекин мактаб ва ўқитувчилар атмосфера яхшиланганидан хурсанд.»

VO-raad ўрта таълим кенгаши вакили Фрея Сиксма дастлабги қаршиликлар бекорга бўлганини билдирди. «Аввал бошда жуда кўп норозиликлар бўлди, лекин энди деярли ҳамма мамнун,» деди у.

Махсус таълим муассасаларида, керакли ҳолатларда смартфондан фойдаланишга рухсат берилган бўлса-да, уларнинг ярмидан кўпида тақиқ ижобий таъсир кўрсатган. Бошланғич мактабларда эса олдин телефон унчалик таъсир қилмаган бўлса-да, тўртдан бири бундай чорани қўллаб-қувватлади.

Бошланғич ва ўрта таълим вазири Марьелле Паулнинг таъкидлашича, миллий кўрсатмалар интизомни таъминлашда катта ёрдам берди. «Аввал якка ўқитувчи телефонни таъқиқламоқчи бўлса, у доим тортишувга айланарди. Айниқса, тажрибасиз ўқитувчиларга буни назорат қилиш қийин эди,» деди у.

Нидерландия статистика идорасига кўра, болаларнинг 96 фоиз қарийб ҳар куни интернетга киради ва бунинг асосий манбаи смартфон ҳисобланади. Ҳукумат яқинда 15 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқларни тақиқлаш ва экран вақтига чеклов қўйишни тавсия қилди. Бир депутат эса мактабларда смартфонни тўлиқ тақиқлаш таклифини илгари сурган.