USAID Ўзбекистонга турли йилларда миллиардлаб доллар ёрдам кўрсатган

13:30 | 3 дақиқада ўқилади.

АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги — USAID 60 йилдан ортиқ фаолияти давомида Ўзбекистонга миллиардлаб доллар ёрдам ажратган. 2002 йилда Ўзбекистон USAID’дан энг юқори молиявий кўмак олган бўлса, 2025 йилда ёрдам ҳажми кескин камайди.

Usaid

2025 йил 1 июл куни АҚШ давлат котиби Марко Рубио USAID — АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги фаолияти расман тугатилганини эълон қилди. USAID турли йиллар давомида дунё давлатларига, жумладан Ўзбекистонга катта миқдорда молиявий ёрдам кўрсатиб келган.

Маълумотларга кўра, USAID Ўзбекистонга ёрдам кўрсатишни 2001 йилда 14,51 млн доллар билан бошлаган. Энг катта ёрдам эса 2002 йилда қайд этилган — 60,55 млн доллар. Бу маблағлар соғлиқни сақлаш, атроф-муҳит, демократия, иқтисодий ривожланиш ва таълим соҳаларига йўналтирилган.

2005 йил Андижон воқеаларидан сўнг икки давлат муносабатлари ёмонлашган ва USAID ёрдами қисқарган. 2009 йилга келиб USAID маблағи 5 млн долларгача камайган. Кейинчалик ёрдам миқдори қисман тикланиб, 2012 йилда 10,5 млн, 2013 йилда эса 5,93 млн долларни ташкил этган.

2017 йилдан бошлаб USAID Ўзбекистондаги фаолиятини яна кенгайтирди. 2018 йилда USAID ёрдами 19,62 млн долларга етган. Пандемия йилларида USAID кўмаги янада ошган. 2020 йилда 28,57 млн доллар, 2021 ва 2022 йилларда мос равишда 38,32 млн ва 43,17 млн доллар ажратилган.

2023 ва 2024 йилларда USAID Ўзбекистонга ёрдам ҳажми барқарор сақланиб, мос равишда 37,45 млн ва 39,08 млн долларни ташкил этган. Аммо 2025 йилда Доналд Трамп ҳукумати хорижий ёрдамларни қисқартиргани туфайли USAID Ўзбекистонга бор-йўғи 3,88 млн доллар ажратган.