Тошкентда фуқарога 387 миллион сўм қайтарилди

11:44 | 2 дақиқада ўқилади.

Кўп квартирали уй қурилишида улушбай иштирок этган фуқаро қурилиш кечикиши ва шартнома бузилиши туфайли зарар кўрган эди. Рақобат қўмитаси олиб борган иш юзасидан унга тўланган маблағ тўлиқ қайтариб берилди.

ScreenshotScreenshot

Жорий йилнинг январ-март ойларида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларига 355 тадан ортиқ қурилиш соҳасига оид фуқаролар мурожаати келиб тушган. Уларнинг аксарияти қурилиш-таъмирлаш ишларининг сифатсизлиги, кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олиниши ва коммунал хизматлар билан боғлиқ муаммоларни ўз ичига олади.

Хусусан, 107 та мурожаат қурилиш ишлари сифатининг пастлиги, 63 таси кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ талаб қилиниши, 180 таси эса бошқа коммунал муаммоларга оид бўлган. Қўмита томонидан мурожаатлар юзасидан кўрилган чоралар натижасида фуқаролар манфаатига 1,9 миллиард сўм қайта ҳисоб-китоб қилинди.

Шу мурожаатлардан бири Тошкент шаҳар Яшнобод туманида рўй берди. Фуқаро А.Б. қурилаётган кўп қаватли уйдан хонадон харид қилиш учун 387 миллион сўм тўлаган, аммо 1 йилу 3 ой ўтишига қарамай қурилиш ишлари бошланмаган. 2025 йил 24 февралда фуқаро шартномани бекор қилиш бўйича келишув тузган, лекин қурилиш компанияси турли баҳоналар билан пулини қайтармаган.

Қўмита томонидан ўтказилган ўрганишларда шартнома шартлари бузилгани ва қурилиш ишлари умуман бошланмагани аниқланди. Натижада, фуқаро А.Б.га 387 миллион сўм тўлиқ қайтариб бериш таъминланди.