Солиштириш учун: ўтган йилнинг шу даврида дефицит 2 млрд доллар бўлган эди, деб ёзмоқда иқтисодчи Микромил Холбоев.
Жорий операциялар ҳисобидаги бундай ўсиш, биринчи навбатда, товарлар экспортининг 929 млн долларга кўпайиши ва импортнинг 416,9 млн долларга қисқариши билан боғлиқ. Шунингдек, иккилламчи даромадлар бўйича мамлакатга тушган пул оқими 813,9 млн долларга ошди. Бирламчи даромадлар бўйича тушумлар деярли ўзгармаган бўлса, мамлакатдан чиқиб кетган пуллар 245 млн долларга ошгани қайд этилди.
Шу билан бирга, молиявий балансда ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилди. Жорий операциялар ҳисобининг дефицити камайганига қарамай, молиявий ҳисоб бўйича соф капитал оқими 2,6 млрд долларга етди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 2 млрд долларга юқори. Бундай ўсишга тўғридан тўғри инвестициялар оқими икки баравар ортиб, 752,4 млн долларга етиши ва портфел инвестициялари орқали 1,5 млрд доллар миқдорида маблағ жалб қилиниши катта таъсир кўрсатди.
Бошқа инвестициялар бўйича мамлакатнинг активлари 3,2 баробарга, яъни 791,8 млн долларга ошгани молиявий ҳисобдаги соф оқимга маълум салбий таъсир кўрсатди. Бироқ жорий операциялардаги дефиситнинг кескин қисқариши ва молиявий оқимлар ошиши туфайли мамлакат захира активлари 1,8 млрд долларга ортиб, рекорд кўрсаткич қайд этилди.
Таъкидлаш жоизки, тўлов баланси статистикаси юритила бошланган 2005 йилдан буён биринчи чоракда тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажми бу йилги каби юқори бўлмаган, деб хулосалайди ўз фикрларини иқтисодчи.