Бу ҳақда Кремлга яқин манбаларга таянган ҳолда Интернетда турли ресурслар орқали маълумот тарқатилмоқда. Бироқ ҳозирча бу борада расмий хабар йўқ.
Тарқатилаётган хабарларда таъкидланишича, Россия томонининг кўриб чиқилаётган асосий чоралари қаторидан визалар жорий этиш, мигрантлар орқали юбориладиган пул ўтказмаларини чеклаш ва иш билан таъминлашда квоталар киритиш ўрин олган. Шу билан бирга, логистика ва қўшма лойиҳаларни тўхтатиш, айниқса, россиялик компаниялар иштирокидаги дастурлар блокланиши ҳам режалаштирилмоқда.
Манбаларга кўра, Россия бу борада асосий эътиборни Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистонга қаратмоқчи. Бу давлатларда рус тилини чекловчи қонунлар ва русийзабон аҳолига нисбатан босимлар тобора сезиларли тус олмоқда.
Кремлда фақат иқтисодий чоралар билан чекланиб қолмаслик масаласи ҳам муҳокама қилинмоқда. Хусусан, Россия чегаралари яқинида йирик ҳарбий машқлар ўтказиш ёки русийзабон аҳолига нисбатан оммавий зўравонлик ёки репрессиялар рўй берса, «ҳуманитар аралашув» сценарийлари кўриб чиқилмоқда.
Кузатувчиларнинг фикрича, бу Москва томонидан минтақавий ҳукуматларга очиқ сигнал сифатида қаралиши мумкин: Россия ўз фуқаролари ва манфаатларини фақат дипломатик йўллар билан эмас, балки куч билан ҳам ҳимоя қилишга тайёрлигини билдирмоқда.