Ўзбекистонда 2—5 июл кунлари мамлакат ҳудудида жуда иссиқ об-ҳаво кузатилди. Гидрометеорология хизмати маълумотига кўра, бу кунларда айрим жойларда ҳарорат 46 даражагача кўтарилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ушбу даврда республика бўйича тез тиббий ёрдам хизматларига жами 247 минг 459 та чақириқ келиб тушган.
Республика тез тиббий ёрдам маркази директори Абдувоитжон Ғафуровнинг сўзларига кўра, бундай иссиқ кунларда, айниқса, сурункали касалликка чалинган беморлар, болалар, ҳомиладор аёллар ва кексалар саломатлигига жиддий эътибор қаратиш лозим. Улар учун тўғри тиббий назорат ва тезкор ёрдам муҳим ҳисобланади.
Жазирама кунларда келиб тушган чақириқларнинг 172 минг 676 таси шошилинч ҳолатлар, 65 минг 163 таси эса сурункали касалликлар билан боғлиқ. Аномал иссиқ ҳақида жамоатчиликка вақтида берилган огоҳлантириш ва тавсиялар сабабли чақириқлар сони ўтган ҳафтага нисбатан 1,2 фоизга камайган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчиликка иссиқ кунларда зарурат бўлмаса кўчага чиқмаслик, кўпроқ суюқлик истеъмол қилиш, ёғли ва дудланган таомлардан воз кечиб, мева-сабзавотларни кўпроқ етишни тавсия қилмоқда.