Қуролли Кучларга йўл — синов ва суҳбат орқали: янги низом кучга кирди

07.07.2025 21:45 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчиларни танлаб олиш тартиби тасдиқланди.

призив

2025 йил 7 июлда Ҳукуматнинг 413-сонли қарори билан чақирилувчиларни ҳарбий хизматга танлаб олиш тартибини белгилайдиган янги низом тасдиқланди.

Унга кўра, энди ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарликка жалб этиладиган ва Қуролли Кучлар сафида хизмат қилишни истаган фуқаролар махсус танлов асосида сараланади. Ҳар бир чақирилувчи бу танловда бир йилда фақат бир марта иштирок этиши мумкин. Саралаш жараёни ҳар йили 10 августдан бошлаб кейинги йилнинг 10 февралигача давом этади.

Танлов давомида чақирилувчилар билан суҳбат ўтказилиб, уларнинг ҳарбий хизматга қизиқиши, соғлиғи, ҳуқуқбузарликлар тарихи, билим даражаси ва оилавий шароити ўрганилади.

Бундан ташқари, чақирилувчиларнинг жисмоний тайёргарлиги ҳам синовдан ўтказилади. Бунинг учун улар турникда тортилиш, 100 метрга ва 3000 метрга югуриш каби нормативлар бўйича имтиҳон топширади.

Жараён якунида чақирилувчининг хизматга тавсия этилиши ёки этилмаслиги бўйича хулоса чиқарилади.