Airfleets.net маълумотларига кўра, 2025 йил 6 май ҳолатига кўра Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида 96 та авиакомпания фаолият юритмоқда ва уларнинг паркида тахминан 1100 та самолёт бор. Бу кўрсаткичлар МДҲда ҳаво транспорти соҳаси нечоғлик ривожланаётганини кўрсатади.
Россия 39 авиакомпания ва 748 самолёт билан мутлақ етакчи ҳисобланади. Ундан сўнг Қозоғистон жойлашган. Қўшниларимизнинг 10 та авиакомпанияси ва 98 та учоғи бор. Қозоғистон, авиакомпаниялар сони бўйича эса МДҲда учинчи ўринда туради.
Ўзбекистон эса авиакомпаниялар сони (12 та) бўйича МДҲда иккинчи ўринни эгаллаган. Самолётлар сони (93 та) бўйича эса мамлакат 3-ўринга чиқди. Бу натижа Ўзбекистоннинг ҳаво транспорти соҳасидаги ислоҳотлар ва авиасозлик инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги изчил ҳаракатлар самараси сифатида баҳоланмоқда.
Қирғизистонда 9 авиакомпания ва 21 самолёт фаолият юритмоқда. Озарбойжонда эса 2 авиакомпания бор бўлиб, уларнинг авиапарки 42 та самолётдан иборат. Туркманистонда ҳам 2 авиакомпания мавжуд, лекин улардаги самолётлар сони 18 та. Тожикистон эса фақат 1 авиакомпанияга эга бўлиб, унинг тасарруфида 6 та самолёт бор.
Йирик авиакомпаниялар орасида Россиянинг Aeroflot (166 самолёт), Rossiya (116) ва S7 Airlines (71) каби компаниялари етакчилик қилмоқда.