АҚШ президенти Доналд Трамп 1 августдан бошлаб Қозоғистондан келадиган барча товарларга 25 фоизлик бож жорий этилишини маълум қилди. Бу қарор Трамп томонидан Truth Social’да эълон қилинган мактубда баён этилган.
Ушбу мактубда Трамп Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан олиб борилган музокаралар ҳақида тўхталиб, икки давлат ўртасидаги савдо мувозанатсизлиги туфайли бундай чора кўрилганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон томонининг тариф ва нотариф тўсиқлари АҚШ учун иқтисодий ночорликка олиб келган.
Мактубга кўра, 2025 йил 1 августдан бошлаб Қозоғистондан АҚШга экспорт қилинадиган барча маҳсулотларга қўшимча 25 фоизлик бож қўлланади. Бу бож барча соҳаларни қамраб олади, қайта экспорт қилинадиган товарлар ҳам шу тарифга тушади.
Трамп Қозоғистон компанияларига мурожаат қилиб, агар улар ўз маҳсулотларини АҚШ ҳудудида ишлаб чиқаришни бошласалар, уларга нисбатан ҳеч қандай тариф қўлланмаслигини маълум қилган. Шунингдек, лицензия ва рухсатномаларни олиш жараёни бир неча ҳафта ичида соддалаштирилиши ва тезлаштирилиши айтилади.
Шу каби хатлар Малайзия, Лаос, Жанубий Африка, Мьянма, Япония ва Жанубий Корея раҳбарларига ҳам юборилган. Мазкур мамлакатларга нисбатан ҳам 25 фоиздан 40 фоизгача бож ставкалари белгиланмоқда.