АҚШ ва Хитой ўртасидаги келишувга кўра, Вашингтон Хитой импорт товарларига қўлланилаётган бож миқдорини 145 фоиздан 30 фоизга, Пекин эса 125 фоиздан 10 фоизга пасайтиришга рози бўлди. Бу шартлар 90 кунлик музокара давомида амал қилади.
Қарор глобал молия бозорларида ижобий қабул қилиниши кутилмоқда. АҚШнинг S&P 500 индекси 3,3 фоизга, Nasdaq эса 4,4 фоизга ошди. Brent навли нефт нархи 1,9 фоизга кўтарилиб, 65,10 долларга етди. Европа ва Осиё индекслари ҳам ўсишни қайд этди. STOXX 600 1,2 фоиз, Ҳонгконгнинг Hang Seng индекси эса 3 фоизга яқин ўсди.
Доллар индекси 1,17 фоизга кучайди. Япон иенаси ва Швейцария франкининг қурби пасая бошлади. Франкнинг 1,8 фоизга пасайиши Швейцария экспортчилари учун қулайлик яратди.
Бостондаги Bolvin Wealh Bolvin Management Group раҳбари Жина Болвин бу вазиятни «бозордаги кескин таназзулдан кейинги тикланиш» деб атади ва бундай ҳолат Трамп учун ҳам катта ютуқ бўлишини таъкидлади. Societe Generale таҳлилчиси Кит Жакс божлар танаффусини катта енгиллик, деб баҳолади.
Шу билан бирга, айрим мутахассислар ушбу жараённи эҳтиёткорлик билан баҳолаш кераклигини таъкидлашмоқда. Marlborouhʼдан Шелдон Макдоналд, ҳатто 30 фоизли божнинг ўзи Хитой иқтисодиётига босим қилишини айтиб ўтди.
Citi таҳлилчилари 2018–2019 йилларда Трамнинг дастлабки президентлик давридаги қисқа муддатли савдо сулҳи мисолида бу жараён қайта кескинлашиши мумкинлигини эсга солишди. Paleo Leon раҳбари Жон Правин эса ҳақиқий натижа Трамп ва Си Жинпинг учрашиб, келишувга имзо чекканидан сўнггина бўлиши мумкинлигини билдирди.