Айрим постсовет мамлакатларида мустамлакачилик таъсирида ҳали ҳамон рус тили давлат тили билан бир қатордаги муҳим тиллар сирасига киради. Экспертларга кўра, сўнгги йилларда айрим собиқ совет республикаларида рус тилига бўлган эътибор барча муаммоларнинг айбдори сифатида кўрсатиш тенденцияси кучайиб бормоқда.
Москвада рус тилини чекловчи қонунлар қабул қилиниши ва русийзабон аҳоли ҳуқуқларининг бузилиши ортидан Кавказорти ва Марказий Осиё давлатларига қарши янги санкциялар тўплами тайёрланаётгани ҳақида ҳозир расман тасдиқланмаган хабарлар ҳам тарқала бошлади.
Радикал рус манбаларига кўра, Россия бу борада асосий эътиборни Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистонга қаратмоқчи. Гўёки бу давлатларда рус тилини чекловчи қонунлар ва русийзабон аҳолига нисбатан босимлар тобора сезиларли тус олмоқда экан.
Хўш, вазият россиялик айрим экспертлар ёзаётган даражада ачинарлими? Келинг, бу борада Марказий Осиё давлатларида янграган баёнотлар билан танишамиз.
Қирғизистон
Садир Жапаров мамлакатда рус тилини расмий мақомдан маҳрум қилиб бўлмаслигини ва бунинг сабабини маълум қилди.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакатда рус тилини расмий мақомдан маҳрум қилиб бўлмаслигини ва бунинг сабабини маълум қилди.
Садир Жапаров Россия Президенти Владимир Путин Қирғизистонда рус тилига бўлган ҳурмат ва эътибор учун миннатдорчилик билдирганини таъкидлади. Шунингдек, айни пайтда мамлакатда рус тилининг расмий тил мақомини ўзгартириш керак деган сиёсатчилар ҳам борлигини қўшимча қилди.
«Бироқ рус тили бизнинг Конституциямизда расмий тил сифатида белгиланган. Владимир Владимирович [Путин] биз рус тилини қўллаб-қувватлаб келаётганимизни қадрлади. Аслида, рус тили бизга эмас, биз рус тилига муҳтожмиз.
Биринчидан, рус тили дунёдаги энг муҳим олти тил қаторига киради. Иккинчидан, биз рус тилисиз халқаро алоқаларда чекловларга дуч келамиз. Масалан, қўшни Ўзбекистон ва Тожикистонда рус тилисиз мулоқот қилиш қийин. Европа, Америка ёки Хитойда ҳам кўплаб соҳаларда рус тилига эҳтиёж бор.
Шу боис рус тилининг мақомини ўзгартириш таклифи нотўғри деб ҳисоблайман. Албатта, ўзбек ва қирғиз тилларини ривожлантириш биринчи ўринда бўлиши керак. Аммо рус ва инглиз тилларини билиш ҳам муҳим. Ҳозирги ёшларимиз 3–4 тилда бемалол гаплашмоқда. Бу эса уларга бутун дунёда эркин ҳаракат қилиш имконини беради. Кўп тил билиш — бу фақат фойда», деди у.
Қозоғистон
Қозоғистон президенти Қосим Жўмарт Тўқаев мамлакатда рус тилига муносабат борасида 2021 йилда қуйидаги фикрни билдириб ўтган:
«Қозоғистон – кўп миллатли давлат. Бизнинг ёндашувимиз шундаки, давлат тили – қозоқ тилини ривожлантириш билан бирга, рус тилига нисбатан ҳурмат сақланади. Чунки бу тилда миллионлаб фуқароларимиз сўзлашади. Рус тили халқаро тилдир. Бу — бизнинг бойлигимиз ва устунлигимиз. У миллатлараро мулоқот воситаси бўлиб қолаверади».
Ўзбекистон
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мактабларда ҳалигача рус тили дарслари сақланиб қолаётганига қуйидагича муносабат билдирган:
«Давлат тили бу — ўзлигимиз. Аммо бошқа тилларни билиш — бу тараққиётга йўл. Бугунги глобал даврда инглиз, рус, бошқа тилларни билиш — ёшларимизга имконият эшикларини очади. Шу боис, биз мактабларда хорижий тилларни, жумладан, рус тилини ҳам чуқур ўргатишни давом эттирамиз».
«Тил уруш эълон қилмайди»
Таржимон Андрей Коустга кўра, «Рус тили – сиёсий тизим эмас ва агрессор ҳам эмас. Тил ташқи сиёсат юритмайди, уруш эълон қилмайди, қарор қабул қилмайди. Тил — мулоқот воситаси ва миллионлаб инсонлар, жумладан собиқ иттифоқ республикаларининг ўз фуқаролари ҳам ундан фойдаланади.
Тилни Кремл сиёсати билан боғлаш мантиқий хатодир, бу худди инглиз тилини мустамлакачиликда, хитой тилини эса инсон ҳуқуқларининг бузилишида айблашга ўхшайди. Тил маданият ва тарихнинг аксидир, сиёсий босим воситаси эмас.
Олим асосий муаммо тилда эмас, тизимли муаммоларда эканини таъкидлади. Буларга авторитаризм мероси, ногирон институтлар, вертикал бошқарувга ўрганиб қолиш ва коррупцияни мисол қилиб келтирди.
Унинг қўшимча қилишича, яна бир муаммо геосиёсий рақобат ва ички сиёсий хатолардир. Яъни айрим элитлар самарали бошқарув, қонун устуворлиги ва ҳақиқий ислоҳотларни йўлга қўя олмаганликлари инқирозларга олиб келмоқда. Бунда тилнинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ.
Меҳриноза Фармонова тайёрлади.