Тошкентда 19 ёшли қиз ҳаракатдаги машинадан сакраб тушди

11:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Мирзо Улуғбек туманида 19 ёшли қиз «Nexia» автомашинасидан ҳаракат вақтида йўлга сакраб тушди. Ҳодиса ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлди. Расмийлар воқеага ойдинлик киритди.

ScreenshotScreenshot

7 июл куни тахминан соат 11:00 ларда Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида ноодатий йўл-транспорт воқеаси содир бўлди. 2001 йилда туғилган Х.А. бошқарувидаги «Nexia» русумли автомашинада унинг таниши — 2006 йилда туғилган Б.Ж. ҳам ҳаракатланаётган бўлган. Ички ишлар маълумотларига кўра, улар ўртасидаги келишмовчилик ортидан Б.Ж. машина эшигини очиб, йўлга сакраб тушган.

Ҳудудда навбатчилик қилаётган ИИО ходимлари жабрланувчига дарҳол биринчи ёрдам кўрсатишган ва уни шифохонага етказишган. Шифокорлар томонидан қизнинг пешонаси ва чап ёноқ соҳасида лат етиш ва тери ости гематомаси аниқланган.

Айни пайтда ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Текширув натижалари асосида қонуний қарор қабул қилиниши белгиланган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган, гўёки қиз ўғирлангани ҳақидаги хабарлар расмийлар томонидан рад этилди. Тегишли идоралар фуқароларни фактик асосга эга бўлмаган ва текширилмаган маълумотларни тарқатмасликка чақирмоқда.