IMEI-кодларни рўйхатдан ўтказиш нархлари нега кескин ошди?

16:30 | 5 дақиқада ўқилади.

Facebook ижтимоий тармоғидаги «Потребител.уз» гуруҳи фойдаланувчилари Тошкентдаги «Малика» бозорида телефон IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш нархи анча ошганидан шикоят қилмоқда.

Uzimei

Истеъмолчилар гуруҳи етакчисининг ёзишича, Авваллари бу хизмат 30–40 доллар атрофида бўлган бўлса, ҳозир нархлар 100 доллардан 400 долларгача етган.

 

Кимлар мурожаат қилмоқда?

Асосан қуйидаги ҳолатлардаги одамлар рўйхатдан ўтказиш хизматига мурожаат қилмоқда:

  • Ўзбекистонга киришда телефонини божхонада декларация қилишни унутганлар;
  • Телефонининг eSIM функциясини биринчи марта ишга туширганлар.

Фойдаланувчиларнинг айтишича, тизим бу телефонларни кўпинча янги қурилма деб таниб, қайта рўйхатдан ўтказишни талаб қилмоқда.

 

Нархлар нега ошди?

Politik Markaziy Osiyo нашри бу нарх ошишининг сабабини ўрганди. Исми ошкор этилмаган сотувчининг айтишича, бу ҳолат божхона билан боғлиқ.

Эндиликда фақат расмий равишда – яъни божхонадан ўтказилган (декларация қилинган) телефонлар IMEI рўйхатига киритилиши мумкин.

«Илгари IMEIни таниш-билиш орқали рўйхатдан ўтказиш мумкин эди. Ҳозир эса фақат декларация асосида, расмий йўл билан рўйхатдан ўтказилади. Нархнинг тахминан 30 фоизи божхона талаби билан боғлиқ», — дея тушунтиради манба.

Сотувчиларнинг айтишича, баъзи телефон эгалари қурилманинг иккинчи IMEI рақамини фаоллаштиришга уринади, лекин у тез орада блокланади.

Дўкон сотувчилари нархни телефон моделига қараб белгилайди, лекин нархларнинг ошишини ўзлари бошқармайди.

«Нархлар ошишига асосий сабаб — паспорт асосида рўйхатдан ўтиш энди ишламаяпти, мавжуд телефонга декларация олиш эса жуда қийин. Шунинг учун нархлар ҳам юқорилаб кетган», — дейди исми сир қолган сотувчи.

 

Мураккаб божхона декларацияси

«Потребител.уз» гуруҳининг яна бир аъзоси ҳозирда чет элдан олиб кирилган телефонни рўйхатдан ўтказиш учун албатта божхона декларацияси талаб қилинишини айтади.

«Аммо муаммо айнан шу ердан бошланади. Аэропортда декларация қилиш кераклиги ҳақида ҳеч қандай эълон йўқ. Аксарият йўловчилар бу ҳақида умуман билмайди. Пул тўлаб декларацияни расмийлаштирмоқчи бўлсак, бу жараён Божхона қўмитаси орқали жуда узоқ, чалкаш ва қимматга тушиши маълум бўлди. Энг ҳайратланарлиси — барча ҳужжатлар тайёр бўлгач, телефонни UzIMEI базасида рўйхатдан ўтказиш атиги бир неча дақиқа вақт олди», — дея таъкидлади у.

Фойдаланувчининг фикрича, айниқса, хориждан қайтаётган фуқаролар учун жараённи соддалаштириш керак.

IMEI — бу ҳар қандай мобил қурилмага бериладиган ноёб код. Унда қурилмаларнинг келиб чиқиши, модели ва серия рақами ҳақидаги маълумотлар мавжуд.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилдан бошлаб Ўзбекистонга олиб кириладиган янги телефонлар мажбурий декларация қилиниши керак. Жисмоний шахслар 2024 йил январь ойидан бошлаб аэропортлар орқали умумий қиймати доллар бўлган иккитадан телефон олиб киришлари мумкин. Агар қурилмаларнинг нархи белгиланган миқдордан ошиб кетса, у ҳолда лимитдан ортиқча суммага 30 фоиз миқдорида бож ундирилади.

Меҳриноза Фармонова тайёрлади.