2025 йил 5 июл куни Илон Маск ўзининг янги сиёсий ҳаракати — «Америка» партияси тузилганини эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, бу партия демократлар ва республикачилар ҳукмронлигига қарши туриши керак. Аммо The New York Times нашрининг ёзишича, АҚШда нолдан партия қуриш — бу сиёсий тузилмалар, молия ва қонуний тартиблар жиҳатидан энг мураккаб жараёнлардан бири.
Айни пайтда партия ҳеч қандай расмий мақомга эга эмас. Маск ҳали партияни Федерал сайлов комиссиясида (FEC) рўйхатдан ўтказмаган, унинг дастури ёки аниқ жамоаси ҳам йўқ. Ҳозирча бор-йўғи бир неча ижтимоий тармоқдаги баёнотлар ва «эркинликни қайтариш»га доир ноаниқ ваъдалар бор, холос.
Маскка яқин манбаларга кўра, ғоя ҳозирча муҳокама даражасида. Ҳуқуқий ва ташкилий йўналишлар бўйича маслаҳатчилар иш олиб боришмоқда, аммо Маскнинг ўзи партия фаолиятини расман бошламаган. Бу вақтда FEC маълумотлар базасида «America Party» ва «X Party» каби шубҳали ташкилотлар пайдо бўлди. Маск уларни қалбаки деб атади ва уларга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини маълум қилди.
Партияни тузиш уриниши Маск билан Доналд Трамп ўртасидаги зиддиятни янада кучайтирди. Маск Трампнинг солиқ сиёсатига «жиннилик» деб баҳо берди, Трамп эса бу ташаббусни масхаралаб, уни «хаос келтирувчи» деб атади.
NYT нашрининг таъкидлашича, АҚШда партия қуриш учун шунчаки шиорлар етарли эмас. Ҳар бир штатда алоҳида сайловолди рўйхатларидан ўтиш, маблағ йиғиш, расмий ҳисобварақлар очиш ва инфратузилма яратиш талаб қилинади. Бу талаблар кўплаб ҳаракатлар ва сиёсий гуруҳлар учун тўсиқ бўлган.
Маскнинг бойлиги ва технологиядаги ютуқлари унинг сиёсий майдонда ҳам муваффақият қозонишига кафолат бермайди. Сиёсатда бир ҳужумда Оқ уйга етиб олишнинг «ракета йўли» йўқ. Аммо агар у ўз вақтида кучли реклама кампанияси олиб борса, Трампдан чарчаган консерватив сайловчиларнинг овозини олиши мумкин. Бу эса унинг партиясига 2026 йилги Конгресс сайловларида имконият яратиши мумкин.