АҚШда ўзини давлат котиби деб таништирган номаълум шахс сунъий интеллект технологиялари ёрдамида Марко Рубио овозини тақлид қилиб, юқори лавозимли мансабдор шахслардан махфий маълумотларни олишга уринган. Бу ҳақда The Washington Post газетаси хабар берди.
Фирибгарлик ҳаракатлари июн ойининг ўрталаридан бошланган. Фирибгар Signal мессенжерида «Marcо.Rubiо@statе.gov» номи билан аккаунт очиб, кимлигини яшириб расмийлар билан алоқа қилган. Фирибгар АҚШ давлат котибини тақлид қилиб, расмийларга овозли ва ёзма хабарлар юборган
Қайд этилишича, сунъий интеллект орқали тайёрланган мазкур хабарлар камида беш нафар юқори лавозимли шахсга юборилган — улар орасида учта ташқи ишлар вазири, бир штат губернатори ва АҚШ Конгрессининг аъзоси бор. Баъзи ҳолларда электрон почта орқали бошқа Давлат департаменти ходимларининг ҳам номи қўлланган.
Расмийларнинг фикрича, ҳужум мақсади махфий маълумотлар ёки шахсий аккаунтларга кириш имконини қўлга киритиш бўлган. Давлат департаменти ушбу ҳолат юзасидан расмий тергов бошланганини ва бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун чоралар кўрилишини маълум қилди. Ҳозирча жабрланган шахслар ҳақида маълумот берилмаган.