Самарқанд ва Андижонда ҳалок бўлган икки жасур ходимлар «Жасорат» медали билан тақдирланди

08:15 | 3 дақиқада ўқилади.

Самарқандлик майор Баҳодир Ваисов ва андижонлик катта лейтенант Абдурасул Абдувалиев Ватан олдидаги ўз хизмат бурчларини ҳаётлари эвазига адо этди. Улар жасорати учун Президент фармони билан «Жасорат» медали билан тақдирланишди.

Inspektor

23 июн куни Самарқанд шаҳрида жойлашган ҳарбий қисм ёнида ёнғин келиб чиққан пайтда майор Баҳодир Ваисов ҳеч иккиланмади. Хавфли учқун омборга яқинлашаётганини англаган ҳолда, у шахсий хавфсизлигини унутиб, ёнғинни ўчиришга киришди. Оғир тан жароҳати олган бўлишига қарамай, Ватан олдидаги бурчини охиригача адо этди. Афсуски, у олган жароҳатлари оқибатида эртаси куни вафот этди.

Бу оғир воқеадан бир ҳафта ўтиб, 1 июл куни Андижон вилояти Хўжаобод туманида рўй берган фожеада катта лейтенант Абдурасул Абдувалиев тинчликни сақлаш учун ҳаётини фидо қилди. Пичоқ билан қуролланган маст шахсни тинчлантириш пайтида у пичоқ зарбасини ўз танасига қабул қилишга мажбур бўлди. Унинг жасорати боис атрофдаги фуқароларнинг ҳаёти сақлаб қолинди.

Икки мард ҳам Ватанга хизмат қилиш, одамлар ҳаётини асраш ва тинчликни таъминлашда ўзини аямади. Улар шахсий манфаат эмас, эл манфаати устувор бўлган хизматлар ичида ҳаёт билан видолашди.

Ўзбекистон Президентининг тегишли фармони билан ҳар икки мард офицерга вафотидан сўнг «Жасорат» медали берилди. Улар оиласи давлат ҳимоясига олинди.

Бугунги кунда уларнинг номи халқ хотирасида муҳрланмоқда. Ҳар икки фидоийнинг жасорати на фақат шахсий, балки миллий даражада қадрланади. Вақт ўтар, аммо Баҳодир Ваисов ва Абдурасул Абдувалиев номлари ва жасорати ҳамиша тирик қолади.