БМТнинг инсонпарварлик масалалари бўйича идораси – OCHA маълумотига кўра, Исроил блокадаси туфайли Ғазо секторида ёнилғи инқирози «муҳим нуқта»га етди. Бу ҳолат шифохоналар, сувни тозалаш иншоотлари ва тез ёрдам хизматларининг фаолиятини тўхтатган.
Ташкилотнинг баёнотида айтилишича, Ғазодаги шифохоналарда фақат зарур вазиятлар учун чекланган миқдорда ёнилғи қолган, генераторлар тўхтаган, тез ёрдам машиналари ҳаракатлана олмаяпти. OCHA Исроилдан ёнилғини «тезкор, мунтазам ва етарли миқдорда» киритишга рухсат беришни сўрамоқда.
Жаҳон озиқ-овқат дастури расмийси Карл Скау ёнилғи етишмовчилиги одамларни очликдан ўлишига олиб келаётганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, гуманитар гуруҳлар хавфли шароитда ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилмоқда, аммо эҳтиёт қисмлар ва алоқа ускуналари танқислиги ишларга тўсқинлик қилмоқда.
Ғазодаги Ал-Шифо шифохонаси директори Муҳаммад Абу Салмия шифохоналарда ёнилғи захираси қолмаганини, бу эса болалар бўлимлари, қон банклари ва кислород станцияларининг ишламай қолишига олиб келганини маълум қилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса бошпана шароитида яшовчи аҳолида менингит ва бошқа юқумли касалликлар авж олаётганини билдирди. Сув танқислиги, чиқиндилар тўпланиши ва оқова сувлар тарқалиши санитария ҳолатини янада оғирлаштирган.
Бу шароитда Исроил томонидан амалга оширилаётган ҳаво ҳужумлари эса вазиятни янада мурракаблаштирмоқда. Ал-Жазира манбаларига кўра, сешанба кунидаги бомбардимонларда камида 95 нафар фаластинлик ҳалок бўлган.
БМТ мутахассислари ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари буни геноцид деб баҳоламоқда.