Тошкент шаҳридаги «Янги Ўзбекистон» боғи ҳудудида йўл инфратузилмасини яхшилаш ишлари бошланди. Мазкур ҳудудда ер ости йўл ўтказгичи қуриш ишлари олиб борилаётгани муносабати билан транспорт ҳаракати вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотга кўра, 9 августгача «Янги Ўзбекистон» кўчасининг боғга туташ қисми, яъни Тошкент вилоятидан кириб келувчи йўналишдаги автоҳаракат чекланади. Таъмирлаш ва қурилиш ишлари ҳар куни соат 07:00 дан амалга оширилади.
Айни пайтда автоуловлар ҳаракати махсус айланма йўналиш бўйича йўлга қўйилади. Хусусан, ҳайдовчилар учун «Янги Ўзбекистон» боғи чегарасидаги ички йўл орқали «Миллий боғ» кўчасига ўтиш имкони яратилади.