Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотига кўра, 2025 йил бошидан 1 июлгача бўлган даврда ипотека кредитлари бўйича аҳолига давлат томонидан тўлаб берилган субсидиялар умумий ҳисобда 938,7 млрд сўмни ташкил қилди. Уларнинг 659,8 млрд сўми фоизларни қоплаш, 278,9 млрд сўми эса бошланғич бадал учун ажратилган.
Банклар кесимида энг кўп субсидия ажратганлар орасида Ипотекабанк етакчилик қилмоқда — 215,3 млрд сўм, бу умумий ҳажмнинг 22,9 фоизини ташкил қилади. Ундан кейин Ўзмиллийбанк (154,3 млрд сўм) ва Бизнесни ривожлантириш банки (167 млрд сўм) қайд этилган.
Ҳудудлар бўйича эса энг кўп субсидия Самарқанд вилояти (123,7 млрд сўм), Андижон (116 млрд сўм) ва Фарғона (101,3 млрд сўм) вилоятларига тўғри келди. Улар мос равишда 13,2 фоиз, 12,4 фоиз ва 10,8 фоиз улушга эга. Энг кам субсидия Сирдарё вилоятида (21,8 млрд сўм), Қорақалпоғистонда (30,6 млрд сўм) ва Тошкент вилоятида (62,9 млрд сўм) қайд этилган.
Шунингдек, 2025 йилда тижорат банклари томонидан 22 362 та ипотека кредити ажратилган бўлиб, уларнинг умумий қиймати 6,5 трлн сўмдан ошган. Улардан 2,2 трлн сўми ёшларга тўғри келмоқда.
Ипотека кредитлари туманлар кесимида ҳам фаол бўлиб, энг кўп кредит Тошкент шаҳрида (1,57 трлн сўм), Андижон ва Фарғона вилоятларида ажратилган. Ёшларга берилган ипотека кредитлари улуши 33 фоизни ташкил қилган.