Лойиҳа 7 бобдан ва 47 моддадан иборат бўлиб, автомобил йўлларини режалаштириш, лойиҳалаш, қуриш, эксплуатация қилиш ва улардан фойдаланиш жараёнларини комплекс тарзда тартибга солишга қаратилган.
Ҳозирда амалда бўлган қонунчиликда бир қатор муҳим масалалар, хусусан, пулли автомобил йўлларини яратиш, хусусий ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш, йўл инфратузилмасини замонавий ахборот технологиялари билан интеграциялаш каби йўналишлар тўлиқ тартибга солинмаган. Бу эса йўл сифати, эксплуатацияси ва инфратузилмани молиялаштиришда сезиларли тўсиқларни юзага келтирмоқда.
Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Раҳимжон Ҳакимов бу ҳолат йўлларни сақлаш ва янгилаш учун етарли маблағ топишдаги қийинчиликларга сабаб бўлаётганини таъкидлади.
Янги қонун лойиҳаси бу бўшлиқларни тўлдириш, давлат бошқарувини замонавийлаштириш, мавжуд автомобил йўллари тармоғининг техник ҳолатини яхшилаш ва узоқ муддат сақлаб қолиш, шунингдек, пулли йўллар тармоғини босқичма-босқич жорий этиш орқали соҳага янги молиявий оқимларни жалб қилишни мақсад қилган.
Лойиҳада давлат-хусусий шериклик механизмларини кенг қўллаш, хорижий сармояларни фаол жалб этиш ва давлат бюджетига тушаётган юкни камайтириш асосий йўналишлар сифатида кўзда тутилмоқда. Муҳими, қонун лойиҳасида пуллик автомобил йўллари фақат муқобил бепул йўл мавжуд бўлгандагина барпо этилиши мумкинлиги қатъий белгиланган. Бу эса ижтимоий тенгликни сақлаш, аҳолининг ҳаракат эркинлигини чекламаслик ва адолатли тизим яратиш нуқтайи назаридан муҳим тамойилдир.
Янги қонун лойиҳаси Ўзбекистонда йўл соҳасини ҳуқуқий, иқтисодий ва технологик жиҳатдан илғор халқаро амалиётларга яқинлаштириш, автомобил йўллари атрофидаги сервис инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда соҳага доимий сармоя оқимини таъминлаш орқали узоқ муддатли барқарорликка эришишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Иқтисодиёт ва жамиятга таъсири
- Транспорт самарадорлиги ва вақт тежаш
Масалан, Cикампек–Палиманан йўлида сафар вақти 2 соатдан 1,5 соатгача қисқарган, бу эса логистика ва транспорт харажатларини сезиларли даражада камайтирган. Сингапур ва Швецияда эса ERP тизимлари тирбандликни 6–10 фоизга камайгани аниқланган .
- Савдо ва инвестицияларни рағбатлантириш
Хитой ва Индонезияда пулли йўллар савдо йўналишлари ва минтақавий алоқаларни мустаҳкамлаб, бизнес фаолиятини рағбатлантирган. Шунингдек, транзит йўналишлари яхшиланган.
- Бюджет даромади ва молиявий барқарорлик
Ҳиндистон, Хитой, Россия каби давлатларда пулли йўллар орқали йирик миқдордаги даромад тўпланган. Масалан, Россияда «Платон» тизимининг 7 йилдаги тушуми 250 млрд рублга етган. Ҳиндистонда эса 2025 йил биринчи чорак учун тўловлар 20 фоиз ўсиб, 206 82 crore га етган .
- Атроф-муҳит ва ижтимоий онг
Швеция ва Лондонда тирбандлик камайиб, жамоат транспортига бўлган талаб ортган, бироқ чет ҳудудларга юкланиш ҳолатлари кучайиши кузатилган. Айниқса логистика ва экологик балансга эътибор қаратиш зарур .
- Кичик бизнес ва аҳолининг оғирлиги
Хитойда кичик бизнес учун пулли йўллар харажатларни ошириб, рақобатланиш имкониятини қийинлаштирганлиги қайд этилган. Бу – пул тизимини созлашдаги асосий хавф.
Пулли йўл тизими жорий қилинган мамлакатлар
Хитойда энг кенг пулли автомагистраллар тармоғи мавжуд бўлиб, улар логистик харажатларни камайтириши, ҳаракат тезлигини ошириши ва иқтисодий фаолиятни рағбатлантириши билан танилган. Тадқиқотларнинг бирида бу тизим транспорт самарадорлиги, боғланиш яхшилиги ва логистик харажатларнинг камайиши орқали регионал иқтисодий ўсишга ижобий таъсир кўрсатиши маълум қилинган.
Германия ва Испания давлатларида юк машиналари учун махсус тўловлар орқали молиялаштирилаётган йўллар мавжуд. Таҳлиллар кўрсатишича, мазкур тизимлар орқали давлатлар яхшигина ижтимоий фойда олиши мумкин. Аммо мутахассислар иқтисодиёт таҳлилини тўлиқ ўтказиш зарурати ҳақида огоҳлантиради.
Индонезия Транс-Жава магистраль йўли (116 км) 1 миллиард долларга қурилган ва транспорт масофасини 2 соатдан 1,5 соатга қисқартирган. Бу эса бизнес ва савдони жонлантирган.
Россияда «Платон» юк машиналари солиғи тизими 2015 йилдан бери фаол; 7 йил ичида бюджетга 250 миллиард рубл (тахминан 3,4 млрд доллар) тушган.
Сингапур, Швеция (Готҳенбург), Лондонда шаҳар марказлари ва йирик транспорт йўлларида электрон тўловлар (ЭРП, congestió charges) жорий этилиб, бунинг натижасида тирбандлик 6–10 фоизга камайган.
Пулли йўл тизими – инфратузилмани ривожлантириш, транспорт самарадорлигини ошириш, ва давлат бюджетига даромад келтириш учун таниқли моделдир. Экспертларга кўра, халқаро тажрибада бундай тизимларнинг ижобий натижалари (самарадорлик, инвестициялар, транспорт ва савдо ривожи) билан бирга камчиликлари ҳам (ижтимоий тенгсизлик, кичик бизнес учун юк, экологик салбий таъсир) бор.
Меҳриноза Фармонова тайёрлади.