АОКАда ўтказилган брифингда Давлат кадастрлари палатаси Ахборот хизмати раҳбари Муножатхон Юлдашева республика бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли хатлов ишлари ҳақида маълумот берди.
Унинг айтишича, 2024 йил 8 ноябрдан буён “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун асосида республика миқёсида махсус хатлов ишлари бошланган.
Бу жараёнга 4,5 мингдан ортиқ кадастр мутахассислари жалб этилган. Бугунги кунга келиб 448 919 та объект хатловдан ўтказилган. Улардан 292 768 таси UZKAD дастурига киритилган, 179 558 та объектнинг ҳужжатлари эса “Эътироф” автоматлаштирилган тизимига ўтказилган.
Ҳозирда муҳокамада турган объектлар сони 144 615 тани ташкил қилмоқда. Эълон қилинган объектлар 16 080 та, рад этилганлари 1 562 та, якунланганлари эса 1 357 тани ташкил этмоқда.
Қизиғи шундаки, ҳуқуқлари эътироф этилган 1 357 та объектдан 1 119 таси учун фуқаролар ҳали ҳам давлат рўйхатидан ўтказиш учун ариза топширмаган. Мутасаддилар бу ҳолатни ҳужжатлаштириш жараёнидаги сусткашлик сифатида баҳоламоқда.