АҚШнинг Марказий Осиёдаги сиёсати: минтақа Қўшма Штатлар учун «имкониятлар эшиги»ми?

14:00 | 19 дақиқада ўқилади.

Марказий Осиё АҚШ ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб келмаган эса-да, минтақанинг серқирра ривожланиши Вашингтон эътиборидан четда қолмаяпти.

Usa ca

Марказий Осиё энди фақат катта давлатлар рақобатлашадиган ҳудуд сифатида эмас, балки ўз ташаббусларини илгари сурадиган, хавфсизлик, барқарорлик ва тараққиётга ҳисса қўшадиган мустақил минтақа сифатида кўзга ташланмоқда, деб ёзмоқда The Diplomat нашри.

Минтақавий ҳамкорлик эса барқарор тараққиёт ва иқтисодий ўсишни таъминлайдиган асосий омиллардан бирига айланмоқда. Сўнгги йилларда минтақада юз бераётган ўзгаришлар ташқи эмас, айнан ички омиллар натижасида юзага келди. Бу эса Марказий Осиё давлатларининг ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, умумий манфаатлар йўлида биргаликда қарорлар қабул қилишга бўлган интилишини кўрсатади.

Айниқса, Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари муҳим ўрин тутмоқда. Бу учрашувлар 2018-йилда Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бошланган бўлиб, амалиётда ўзини фойдали ва долзарб формат сифатида кўрсатди. Улар орқали мамлакатлар ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилмоқда, позицияларини мувофиқлаштирмоқда ва минтақанинг узоқ муддатли манфаатларига хизмат қиладиган ечимларни биргаликда ишлаб чиқмоқда.

Марказий Осиё давлатлари ўз ташқи сиёсатида мувозанатни сақлашга ҳаракат қилмоқда. Улар манфаатларнинг ҳар хил йўналишларини ҳисобга олган ҳолда, барқарор ва прагматик сиёсий ёндашувни танламоқда.

 

АҚШМарказий Осиё давлатлари муносабатлари

Бугунги кунда Марказий Осиё минтақаси янада фаол бўлиб, кучлироқ минтақавий ҳамкорлик сари ҳаракат қилмоқда. Шу жараёнда Қўшма Штатлар ҳам минтақа билан барқарор ҳамкорлик ўрнатишга интилмоқда. Бу ҳамкорлик Марказий Осиё давлатларининг суверенитети, барқарор иқтисодий ўсиши ҳамда сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларини қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Шунга қарамай, сўнгги йилларда Марказий Осиё АҚШ ташқи сиёсатида унчалик муҳим ўрин эгалламаяпти.

Шу ерда бир жиҳат алоҳида эътиборга лойиқ: 2025 йил январь ойида сенатор Стив Дейнс АҚШнинг Марказий Осиёга нисбатан сиёсатини қайта кўриб чиқиш зарурлигини давлат котиби Марко Рубионинг тасдиқлаш эшитувларида кўтариб чиқди. У, хусусан, АҚШнинг Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон билан доимий нормал савдо муносабатларини (ПНТР) чеклаб турган Жексон-Веник тузатмасини бекор қилиш муҳимлигини таъкидлади. Маълумот учун, Қирғизистон бу чекловдан 2002-йилда озод қилинган. Рубио таклифга рози бўлиб, бу қоидани «ўтмишнинг бемаъни сарқити»деб таърифлади.

Агар Жексон-Веник тузатмаси бекор қилинса, бу АҚШнинг янги маъмурияти учун рамзий ва амалий жиҳатдан муҳим қадам бўлади. Бу ўзгариш орқали АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик фақат савдо билан чекланмай, инфратузилма лойиҳалари, ноёб ер ресурслари таъминоти ҳамда хавфсизлик соҳаларида ҳам кенгайиши мумкин.

Бу эса АҚШнинг минтақадаги ўрнини кучайтиради ва унга Россия, Хитой ҳамда бошқа йирик давлатларнинг таъсирини мувозанатлаш имконини беради. Бироқ, бу масала Конгресс ваколатида қолмоқда.

2023 йилда сенаторлар Крис Мерфи (Демократ, Коннектикут) ва Тодд Янг (Республикачи, Индиана) Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон учун Жексон-Веник тузатмасини бекор қилиш бўйича қонун лойиҳасини тақдим этган эди. Аммо бу лойиҳа Конгресс қўмитасидан ўта олмади. Сўнгги йилларда ҳам худди шундай қонун лойиҳалари кўриб чиқилмасдан қолиб кетган.

АҚШ президенти Доналд Трампнинг иккинчи президентлик муддати бошланганидан бери энг кўп муҳокама қилинган воқеалардан бири — 2025 йил апрель ойи бошида чиқарган фармони бўлди. Унда АҚШ импорт божлари катта миқдорда оширилди. Трамп бу қарорни «ўзаро жавоб чораси» сифатида асослаб, 1977-йилда қабул қилинган Халқаро фавқулодда иқтисодий ваколатлар тўғрисидаги қонунга (ИЭЕПА) таянди. У АҚШ ва бошқа давлатлар ўртасидаги савдо номутаносиблигини фавқулодда ҳолат деб баҳолади.

Баъзи мамлакатлар учун бож ставкалари 50 фоизгача кўтарилди. Қозоғистонга 27 фоиз, Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё давлатлари учун эса 10 фоизлик асосий ставка белгиланди.

Бироқ орадан кўп ўтмай, Трамп бу юқори бож ставкаларини вақтинча тўхтатди ва барча мамлакатлар учун ягона – 10 фоизлик универсал бож жорий этди. Юқори ставкалар эса фақат 90 кунлик танаффусга юборилди, ва бу муддат яқин кунларда тугайди.

АҚШда яна бир ортиб бораётган хавотир — бу миграция ва виза сиёсатига оид чекловлардир. Яқинда эълон қилинган баёнотда Трамп маъмурияти бир қанча давлатлар фуқаролари учун, жумладан, Туркманистон учун визаларни тўлиқ ёки қисман тақиқлади.

Шунингдек, АҚШ Давлат департаментининг оммавий ахборот воситаларига сизиб чиққан ички ҳужжатларидан бирида Қирғизистон келажакда АҚШга кириши тақиқланиши мумкин бўлган 30 дан ортиқ давлатлар рўйхатига киритилган.

Шу асосда муҳим савол пайдо бўлмоқда: Трампнинг янги маъмурияти томонидан қабул қилинаётган ички қарорлар – жумладан, импорт божлари оширилиши, қатъий виза сиёсати ва кенгроқ савдо ҳамда технологик чекловлар – Марказий Осиё давлатлари билан АҚШ ўртасидаги муносабатларга қандай таъсир қилиши мумкин?

Шу нотинч ва ўзгарувчан вазиятда Марказий Осиё давлатлари тобора мослашувчанлик кўрсатмоқда. АҚШнинг протексионистик сиёсати эҳтимолига жавобан, минтақа ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва дунёдаги етакчи давлатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилмоқда. Шу билан бирга, барқарор транспорт, рақамли иқтисодиёт, қайта тикланувчи энергия ва минтақавий банк тизими каби йўналишларда ўз ички ташаббуслари ҳам фаоллашмоқда.

Иккинчидан, Марказий Осиё давлатлари асосий ташқи ҳамкорлар – хусусан, АҚШ ва Хитой билан мулоқотни ўз ичига олган «Марказий Осиё плюс» форматида ҳамкорликни кучайтирмоқда. Бу мулоқот платформалари нафақат сиёсий ва дипломатик масалаларни мувофиқлаштириш учун, балки технология, таълим ва инфратузилма соҳаларида ҳам ҳамкорлик қилиш учун муҳим восита бўлиб хизмат қилмоқда.

Учинчидан, Moody’s рейтинг агентлиги фикрича, АҚШнинг тариф сиёсати Марказий Осиё иқтисодиётига билвосита таъсир кўрсатиши мумкин, айниқса дунё бўйича иқтисодий ўсиш секинлашган бир вақтда. Минтақанинг асосий савдо ҳамкорлари – Хитой, Россия ва Европа Иттифоқида талабнинг камайиши экспортга йўналтирилган соҳаларга, жумладан, тўқимачилик ва тоғ-конь саноатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Рақобатнинг кучайиши ва товар нархларининг ўзгариши ушбу тармоқларда ишлаб чиқарувчилар ҳамда уларни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлайдиган банклар учун қўшимча муаммолар туғдиради.

Масалан, экспортида тўқимачилик маҳсулотлари катта улушга эга бўлган Ўзбекистонда даромадлар камайиши эҳтимоли мавжуд. Бу эса банклар томонидан бериладиган кредитлар шартларини қайта кўриб чиқиш ва корхоналар учун янги иқтисодий шароитларга мослашишни талаб қилиши мумкин.

Бундан ташқари, Марказий Осиё мамлакатлари ўзининг бой табиий ресурслари, ёш ва ўсиб бораётган аҳолиси ҳамда барқарор иқтисодий ўсиш суръатларидан фойдаланиб, савдо ва иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда.

Минтақада ер юзидаги уран заҳираларининг тахминан 20 фоизи, нефтнинг 17 фоизи ва табиий газнинг 7 фоизи жойлашган. Шунингдек, у ерда ноёб ер элементлари конлари ҳам мавжуд.

Марказий Осиё гидроэнергетика ва қуёш энергияси бўйича ҳам катта имкониятларга эга. Бу эса минтақани глобал энергия бозорида муҳим ўйинчилардан бирига айлантиради.

Ҳозирда Марказий Осиё минтақасида аҳоли сони тез ўсмоқда, ишчи кучи захираси кенгаймоқда. Бугунги кунда аҳолининг умумий сони 80 миллиондан ошган. БМТ прогнозларига кўра, 2050-йилга келиб бу рақам 100 миллиондан ортади. Марказий Осиё дунёдаги энг ёш минтақалардан бири бўлиб, аҳолининг ўртача ёши атиги 28,7 ёшни ташкил этади.

Сўнгги ўн йилда минтақа иқтисодиёти барқарор ўсиб бормоқда — ўртача йиллик ўсиш суръати 6,2 фоизни ташкил этди. Бу дунё бўйича ўртача кўрсаткич — 2,6 фоиздан икки баравар кўп. 2016 йилдан буён минтақанинг ялпи ички маҳсулоти 60 фоизга ошди ва 2023 йил якунида 450 миллиард долларга етди.

Марказий Осиё глобал иқтисодий тизимда тобора фаолроқ иштирок этмоқда. Сўнгги етти йилда минтақанинг умумий ташқи савдоси икки баробар кўпайиб, 225 миллиард долларга етди. Минтақа ичидаги ўзаро савдо ҳажми эса 4,5 баробар ошиб, 2,4 миллиард доллардан 11 миллиард долларга етган.

Хориждан жалб қилинаётган сармоялар ҳам ошмоқда: 2016 йилда 27 миллиард долларни ташкил этган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 2023 йилда қарийб икки баробар кўпайиб, 50 миллиард долларга етди.

Қўшма Штатлар учун бу нафақат фаол мулоқотни янгилаш ойнаси, балки ҳар икки томон манфаатларини акс эттирувчи прагматик жалб қилиш стратегиясини ишлаб чиқиш имконияти ҳамдир. C5+1 каби платформалар орқали иқтисодий, виза ва инфратузилма билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш баёнотлардан амалиётга ўтиш, ишончни мустаҳкамлаш ва ўзгарувчан геосиёсий вазиятда узоқ муддатли ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор яратиш имконини беради.

 

Жексон–Веник тузатмаси

Жексон–Веник тузатмаси — бу 1974-йилда АҚШ Конгресси томонидан қабул қилинган қонунчилик ҳужжати бўлиб, у савдо имтиёзларини инсон ҳуқуқлари, айниқса, фуқароларнинг мамлакатдан чиқиб кетиш ҳуқуқи билан боғлайди. Ушбу тузатма АҚШнинг Совет Иттифоқи ва бошқа коммунистик давлатлар билан савдо алоқаларини чеклашга қаратилган бўлиб, асосан яҳудийлар ва бошқа диний гуруҳлар учун эмиграция эркинлигини таъминлашни мақсад қилган.

Жексон–Веник тузатмаси Совуқ уруш даврида АҚШ ташқи сиёсатининг кучли воситаси бўлиб хизмат қилган. Совет Иттифоқи фуқароларининг, айниқса, яҳудий аҳолининг Исроилга кўчиб кетишига тўсқинлик қилган сиёсатига қарши босим сифатида қўлланилган. Совет иттифоқи парчаланганидан кейин ҳам бу тузатма бир қанча собиқ совет республикалари учун амалда сақланиб қолди. Масалан, Қирғизистон 2002 йилда бу чекловдан озод қилинган бўлса, Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон ҳали ҳам расмий равишда ундан озод қилинмаган. Бу эса АҚШ билан тўлиқ савдо имтиёзларига эга бўлишга маълум даражада тўсқинлик қилмоқда.

Сўнгги йилларда АҚШ Конгрессида мазкур тузатмани бекор қилиш бўйича бир нечта қонун лойиҳалари тақдим этилган бўлса-да, улар кўпинча сиёсий сабаблар туфайли кўриб чиқилмасдан қолган. Жексон–Веник тузатмаси бугунги кунда ҳам АҚШ ташқи савдо сиёсатининг тарихий, рамзий ва сиёсий жиҳатдан муҳим элементи сифатида қолмоқда, аммо уни амалий сиёсий восита сифатида бекор қилиш ёки сақлаб қолиш борасидаги баҳслар давом этмоқда.

Фармонова Меҳриноза тайёрлади.