Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан 2025 йил II чораги учун «Банклар фаоллик индекси» янгиланди. Ушбу индекс мамлакатда фаолият юритаётган 35 та тижорат банкини қамраб олди. Ҳисоб-китобда банклар 20 та йирик ва 15 та кичик тоифага ажратилган ҳолда таҳлил қилинди, деб ёзади Review.uz.
2021 йилдан бошлаб, «Банклар фаоллик индекси» ИТИМ томонидан банк секторидаги трансформация жараёнларини, шундай-ақ шаффофлик ва қамровни ошириш бўйича саъй-ҳаракатларни баҳолаш мақсадида ҳисоблаб келинмоқда.
Таҳлил методологияси 27 та кўрсаткичга асосланган бўлиб, улар еттита асосий йўналишга гуруҳланган: молиявий инклюзивлик, молиявий воситачилик, активлар рентабеллиги ва кредит портфелининг сифати, даромаддорлик, бошқарув самарадорлиги, ликвидлик ва активлар сифати.
«Банклар фаоллик индекси» банклар фаолиятининг ҳам операцион, ҳам таркибий жиҳатларини акс эттиради ва бозор муҳитидаги фаолликни баҳолайди. Жами рейтинг эса ҳар бир субиндекс бўйича комплекс баҳолаш асосида банкларнинг жорий ҳолатини кўрсатиб беради.
Жорий йилнинг икки чораги якунига кўра, Ўзбекистон банк тизими активларининг умумий ўсиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 21 фоизни ташкил этди. Шу билан бирга, ўсиш таркиби банклар гуруҳлари бўйича фарқланади. Хусусан, давлат иштирокидаги банклар активлари ўртача 17 фоизга ошди, бу эса балансларни барқарор оширилишини кўрсатади. Улар орасида энг юқори ўсиш «Алоқа банк» (39 фоиз) ва «Микрокредитбанк» (36 фоиз) томонидан қайд этилди.
Энг юқори ўсиш суръатлари хусусий банклар сегментида кузатилди — бу ерда активлар умумий ўсиши 28 фоизни ташкил этди. Бу кўп жиҳатдан бозордаги янги иштирокчилар — «Ҳаёт банк» (419 фоиз), «Смарт банк» (233 фоиз) ва «Янги банк» (223 фоиз) —нинг фаол иштироки билан изоҳланади. Бу кўрсаткичлар банкларнинг масштаблашувнинг бошланғич босқичида эканини кўрсатади.
2025 йил II чораги учун йирик банклар фаоллиги рейтинги
2025 йилнинг биринчи ярми якунида «Капиталбанк» банклар фаоллиги бўйича рейтингда етакчи ўрнини сақлаб қолди. «Траст банк» эса энг юқори ўсиш суръатини намоён қилиб, учта позицияни кўтарилиб, умумий рейтингда 2-ўринни эгаллади. «Ҳамкорбанк» (3-ўрин) ва «Asia Alliance Bank» (4-ўрин) эса юқори поғоналардаги ўрнини сақлаб қолишга муваффақ бўлди. Янги йирик банклар қаторига қўшилган «Анор банк» бир поғона пасайишига қарамай, кучли бешликка кириб, 5-ўринни эгаллади.
«InFinBank» учта позиция юқори кўтарилиб, 8-ўринга чиқди. «Тенге банк» ва «Ўзмиллийбанк» бир поғона юқори кўтарилиб, мос равишда 14 ва 16-ўринларни эгаллади.
Шу билан бирга, йирик банклар тоифасидаги молиявий муассасаларнинг учдан бири ўз ўрнини йўқотди. Хусусан, «Давр банк» ва «Ўзсаноатқурилишбанк» бир поғона, «Алоқа банк» ва «Агробанк» эса икки поғона пастлади.
Бозорнинг қолган иштирокчилари аввалги чоракдаги натижаларини сақлаб қолди, бу эса банклар ўртасидаги рақобатнинг асосий йўналишлар бўйича кучайиб бораётганини кўрсатади.
Молиявий воситачилик мезони бўйича (депозитлар ва берилган кредитлар ўртасидаги мутаносиблик, бошқа банклар ва давлат олдидаги мажбуриятлар) энг катта пасайиш «Ипак Йўли банк»да кузатилди — 6 позиция пасайиш. Бу кўрсаткич банкнинг кредитлаш фаолиятида сусайиш борлигидан далолат беради.
Молиявий инклюзивлик индикатори — филиалга тўғри келадиган мижозлар сони, кредит портфелидаги концентрация ва хусусий секторни кредитлаш бўйича кўрсаткичлар — бир қатор банкларнинг рейтингдаги ўрнига таъсир қилди. «Ипотека банк» 3 позиция, «Анор банк» ва «Агробанк» — 2 позициядан, «Ипак Йўли банк» ва «Асака банк» — ҳар бири 1 позициядан айрилди.
Активлар сифатини акс эттирувчи индекс (активлар рентабеллиги ROA ва муаммоли кредитлар даражаси NPL асосида ҳисобланади) бўйича «Ипотека банк» охирги ўринни сақлаб қолди. Шунингдек, «Давр банк» 4 поғона пастлади, «Капиталбанк» ва «Анор банк» 2 позициядан, «Асака банк» эса 1 поғона пасайди.
Даромаддорлик рейтингида «Агробанк» 20-ўринни эгаллади. «Тенге банк» ва «Анор банк» 2 позициядан йўқотган.
Бошқарув самарадорлиги кўрсаткичи бўйича «Микрокредитбанк» охирги ўринни сақлаб турибди. «Бизнесни ривожлантириш банки» банк 3 позиция, «Алоқа банк» 2 позиция пастлади. Қолган 4 тижорат банки эса биттадан позиция йўқотган.
Ликвидлик индикатори бўйича эса йирик банклар орасида бир қатор пасайишлар қайд этилди. «Агробанк» 3 поғона пастлаб, рўйхатнинг охирида жойлашди. «Анор банк» 5 позиция пастлади. «Капиталбанк», «Траст банк» ва «Ҳамкорбанк» бу йўналишда 2 позициядан йўқотди. Айни пайтда, «Ўзсаноатқурилишбанк» ушбу кўрсаткич бўйича 5 позиция юқори кўтарилди.
2025 йил II чораги учун кичик банклар фаоллиги рейтинги
Таҳлил натижаларига кўра, тўртта банк — «Универсал банк», «Ҳаёт банк», «TBC банк» ва «Octobank» ўз позицияларини сақлаб қолиб, рейтингнинг биринчи тўртталигига кирди. Бу эса мазкур банкларнинг волатиллик ва бозордаги рақобат босими шароитида ҳам ўз операцион моделларининг барқарорлигини намоён этмоқда.
Ушбу тоифадаги банклардан учдан бири аввалги чорак натижаларига нисбатан ўзи позициясини яхшилаган. Энг катта ижобий ўзгариш «Мададинвест банк»да қайд этилди — банк учта поғона юқори кўтарилиб, кичик банклар умумий рейтингининг 14-ўрини эгаллади.
Шу билан бирга, яна бешта банк фаоллигида салбий динамикани кўрсатди. Улар орасида «Янги банк»да энг катта пасайиш кузатилди, бу банкнинг операцион кўрсаткичларида сусайиш борлигини англатади.
Янгиланган молиявий муассасалар фаоллиги рейтинги натижалари Ўзбекистонда йирик ва кичик банклар ўртасидаги рақобатнинг ортганини кўрсатмоқда. Бундай кўрсаткичларни мунтазам мониторинг қилиш молия сектори барқарорлиги ва ривожланиш динамикасини баҳолашда муҳим восита бўлиб қолмоқда.