Тожикистон Афғонистонликларга 15 кун ичида мамлакатни тарк этишни буюрди

15:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Тожикистон ҳукумати сўнгги ҳафталарда юзага келган янги амалиёт доирасида юзлаб афғонистонлик қочқинларни ҳибсга олиб, уларни депортация қилмоқда. Бу жараён расмий яшаш рухсатномасига эга бўлган ёки бошпана сўраб мурожаат қилган шахсларни ҳам қамраб олмоқда.

Tojikiston

«Khaama Press» агентлиги манбаларга таяниб хабар беришича, хавфсизлик кучлари ҳар куни ўнлаб афғон эркакларини иш жойларидан олиб кетмоқда. Улар оила аъзоларига хабар берилмасдан йўқолган, айримлари эса Канада каби давлатларга кўчирилиши кутилаётган шахслар экани айтилмоқда. Депортация қилинса, улар хавф остида қолиши мумкин.

Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, ҳозирда Тожикистонда 13 мингдан зиёд афғонистонлик истиқомат қилмоқда. Улар орасида 2021 йилда Толибон ҳокимиятга келгач, мамлакатдан чиқиб кетган собиқ ҳукумат ходимлари ва ҳарбийлар бор.

Маълум қилинишича, бу амалиёт минтақавий сиёсатнинг бир қисми бўлиб, сўнгги ойларда Эрон ва Покистон ҳам шунга ўхшаш чоралар кўрган. Халқаро ташкилотлар ҳозирча мазкур ҳолатга расмий муносабат билдирмаган.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил бошидан бери 1 млндан зиёд афғонистонлик Эрон ва Покистондан мажбуран қайтарилгани маълум қилинган эди.