Йўл ҳаракати хавфсизлиги ва тирбандликни камайтиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида Президент шаҳар инфратузилмасидаги яна бир жиддий муаммога эътибор қаратди. Жумладан, вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ҳокимликлар бинолари олдидаги кўчаларда тирбандликни кучайтирувчи «парковка»лар аҳоли норозилигига сабаб бўлаётгани қайд этилди.
Президент топшириғи билан 15 минг нафар ҳайдовчи ўртасида сўров ўтказилди. Унда кўпчилик пойтахт ва йирик шаҳарларда қонуний автотураргоҳлар етишмаслиги туфайли мажбуран йўл бўйига машина қўяётганини билдирган. «Ҳайдовчиларнинг дарди эшитиладиган очиқ мулоқот платформаси йўқ», дея таъкидлади давлат раҳбари.
Йиғилишда мутасаддиларга барча маҳалла ва ташкилотлар ҳудудида асоссиз равишда ўрнатилган тақиқловчи йўл белгилари олиб ташланиши, вазирлик ва идоралар ходимлари аҳолига ноқулайлик яратиб, «парковка» қилиб олган ҳудудларда фото ва видео камералар ўрнатиб, жазо муқаррарлигини таъминлаш вазифаси қўйилди.
Бундан ташқари, давлат хизматчилари жамоат транспортидан фойдаланиш бўйича барчага намуна бўлиши зарурлиги таъкидланди. Ҳукумат қарорига кўра, энди фақат махсус рўйхатдаги раҳбарларгина хизмат машинасида йўлларда устунликка эга бўлади. Қолганлар ушбу имтиёздан маҳрум бўлади.