Президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида йўл ҳаракати хавфсизлиги ва тирбандлик муаммолари яна бир бор муҳокама марказида бўлди. Унда таъкидланишича, ўтган 2024 йилда ҳайдовчилар томонидан 24 миллионта ҳуқуқбузарлик содир этилган бўлиб, уларнинг 81 фоизи қўпол қоидабузарлик сифатида қайд этилган.
Самарқанд, Қашқадарё, Тошкент вилояти ва пойтахтда бу ҳолат изчил тус олган. Ижтимоий тармоқларда ҳатто машҳур шахслар томонидан «жаримани тўлаб қўйдим, roxflf хоҳлаганимдек юраман» каби ёндашувлар оммалашиб бораётгани Президент танқид остига олди.
Шу муносабат билан «Сурункали қоидабузарлар» электрон назорат дастури жорий этилади. Унга кўра, қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиш ёки қизил чироқда ўтиш каби ҳуқуқбузарликлар бир ой ичида 2 марта содир этилса, ҳайдовчи 1 йил давомида жарималардаги чегирмалардан маҳрум бўлади. Агар бир ой ичида 10 тадан ортиқ ҳуқуқбузарлик содир этилса, ҳайдовчилик гувоҳномаси 6 ойгача бекор қилинади.
Шунингдек, тезликни меъёрдан 2–3 марта юқори оширган ҳайдовчиларни ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича қонунчиликка ўзгартиш киритилиши таклиф қилинди.
Бундан ташқари, айрим ҳудудларда ЙҲХБ томонидан жарималар 7–8 ой ўтиб қўлланилаётгани бўйича шикоятлар ортиб бораётгани қайд этилди. Янги қарорга кўра, қоидабузарлик содир этилган кундан бошлаб 30 кун ичида қарор чиқарилмаса, ҳайдовчи жарима тўламайди.
Шунингдек, замонавий йўллар ва хавфсиз автоуловлар кўпайиб бораётганини инобатга олиб, тезлик чекловларига янгича ёндашиш кераклиги айтилди. Ички ишлар вазирлигига вилоят ҳокимликлари билан бирга айрим участкалардаги чекловларни қайта кўриб чиқиш юзасидан рўйхат тайёрлаш топширилди.