Sky News манбасига кўра, Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги оташкесим шартлари бўйича деярли барча муҳим масалалар бўйича келишувга эришилган. Бироқ, Исроил Мудофаа кучларининг (IDF) Ғазода қолиш-кетиш масаласи ҳал этилмаган.
Музокаралар Қатарда амалга оширилмоқда, шу билан бирга Вашингтонда АҚШ президенти Доналд Трамп ва Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ўртасида муҳим учрашувлар бўлиб ўтди. АҚШ раҳбарининг шахсий иштироки музокараларга босимни кучайтирмоқда.
Томонлар инсонпарварлик ёрдами етказиш механизми бўйича келишиб олган. Яъни, IDF чиқиб кетадиган ҳудудларда ёрдамни Исроил ёки ҲАМАС эмас, балки бетараф учинчи томон – эҳтимол БМТ ёки бошқа халқаро ташкилотлар амалга оширади. Шу билан, Ғазо Инсонпарварлик Фондининг (GHF) фаолияти чекланади, чунки у фақат IDF жойлашган ҳудудларда ишлай олади.
ҲАМАСнинг яна бир талабига кўра, оташкесим тугаганидан сўнг Исроил якка томонлама урушни қайта бошламаслигига АҚШ томонидан кафолат керак эди. Бу талабга АҚШдаги фаластинлик сиёсий вакили доктор Бишара Бахбах орқали етказилган шахсий кафолат етарли бўлгани айтилмоқда.
Шу билан бирга, музокараларда Ғазо келажаги ҳақидаги узоқ муддатли стратегия юзасидан ҳали аниқ қарашлар йўқ. Исроил расмийлари ҲАМАСни тўлиқ ҳарбий ва сиёсий тузилма сифатида йўқ қилишни асосий мақсад сифатида кўрсатмоқда.
Муаммонинг ечими сифатида фаластинликлар учун барқарор келажакни таъминлайдиган кафолатлар зарур бўлиши айтилмоқда. Аммо музокараларда бундай кафолатларнинг аниқ шакли ёки механизмлари юзасидан натижа йўқ.
2023 йил октябрида ҲАМАС томонидан Жанубий Исроилга уюштирилган ҳужумдан сўнг бошланган урушда Исроил 57 мингдан ортиқ фаластинликни ўлдирган. Расмий Тел Авив маълумотларига кўра, 7 октябр куни 1200 киши ҳалок бўлиб, 251 нафар одам гаровга олинган. Айни вақтда улардан тахминан 20 нафари тирик деб ҳисобланмоқда.