«600 долларлик хизматга 13 минг доллар»: Фарҳод «автозапчаст» бозорида шантаж маркази фош этилди

20:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Тошкентда 12 нафардан иборат жиноий гуруҳ автозапчастлар бозорида товламачилик билан шуғуллангани аниқланди. Уларга нисбатан жиноят иши очилди.

Avtozapchat

Тошкент шаҳри Учтепа туманида жойлашган Фарҳод автозапчастлар бозорида фаолият юритган 12 нафарлик жиноий гуруҳ фош этилди. Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида гуруҳ аъзолари товламачилик ва фирибгарликда айбланиб, ҳибсга олинди. Бу ҳақда ДХХ хабар берди.

Тергов маълумотларига кўра, жиноий гуруҳ аъзолари фуқароларнинг розилигисиз уларнинг автомобилларига турли ускуналарни ўрнатиб, хизмат учун асоссиз равишда катта маблағ талаб қилган. Масалан, аниқ ҳолатлардан бирида 600 долларлик хизмат учун мижоздан таҳдид орқали 13 300 доллар ундирилган.

Бошқа бир ҳолатда эса, улар автоқисмларни мижоз розилигисиз ўрнатган ва нархни бозор қийматидан уч баробар кўпроқ деб баҳолаган. Жабрланувчидаги калитни олиб қўйган ҳолда, 15 миллион сўм тўлашга мажбурлашган.

Жиноятчилар яна икки фуқарони алдаб, автозапчастлар ўрнатиш баҳонасида жами 70 миллион сўмни ўзлаштирган, аммо ваъда қилинган ишни амалга оширмаган.

Маълумотларга кўра, гуруҳ аъзоларининг аксар қисми 1988–2002 йилларда Тошкент шаҳри ҳамда Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида туғилган бўлиб, уларнинг кўпчилиги аввал жиноий жавобгарликка тортилган.

Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) ва 168-моддаси (фирибгарлик) бўйича жиноят иши қўзғатилган, улар эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. Тергов доирасида уларнинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги ҳам ўрганилмоқда.