Жиззахда ҳоким 10 минг доллар пора билан ушланди

20:46 | 3 дақиқада ўқилади.

Шароф Рашидов тумани ҳокими ва бош мутахассиси 30 минг доллар пора олганда ДХХ томонидан қўлга олинди. Жиноят иши қўзғатилди.

Poras

Жиззах вилоятида Шароф Рашидов тумани ҳокимига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. У ер ажратиш эвазига хусусий компания раҳбаридан пора талаб қилган ва пулнинг бир қисмини олган пайтда ДХХ ходимлари томонидан ушланган. Бу ҳақда ДХХ хабар берди.

Қайд этилишича, Жиззах вилояти Ш.Рашидов тумани ҳокимлигининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича бўлими бош мутахассиси қурилиш соҳасида фаолият юритувчи МЧЖ раҳбарининг ишончига кириб, унга туман ҳокимининг тегишли қарори билан “Токчилик” МФЙ ҳудудида умумий ўрта таълим мактаби биносини барпо этиш учун ажратилган 1,7 гектар ер майдонида 8 та кўп қаватли уйлар қурилишига рухсат олиб бериши эвазига 30 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Жорий йилнинг 5 июль куни бош мутахассис сўралган пул маблағидан 10 минг АҚШ долларини олиб, туман ҳокимига берган.

8 июль куни эса тадбиркордан қолган 20 минг АҚШ долларини ҳам олган ва унга кўп қаватли уй қуриш учун ҳоким томонидан рухсат берилган ҳужжатларни тақдим этган.

Сўнгра бош мутахассис ҳокимият биноси олдида туман раҳбари билан учрашиб, 10 минг АҚШ долларини берган вақтида Давлат ҳавфсизлик хизмати ходимлари томонидан уларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.

«Ҳозирда Шароф Рашидов тумани ҳокими депутатлик дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, унга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси билан, бош мутахассисга эса Жиноят Кодексининг 168 ва 211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилди», — дейилади хабарда.