Сирдарёда прокурор ўринбосари 10 минг доллар пора билан ушланди

21:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Сирдарё вилояти Гулистон шаҳар прокурори ўринбосари 10 минг доллар пора билан олаётганда ушланди. Унга нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланган. Бу ҳақда ДХХ хабар берди.

Zam prokuror pora

Қайд этилишича, Сирдарё вилоятида Гулистон шаҳар прокурори ўринбосари ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, Боёвут туманида қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи МЧЖ раҳбарига нисбатан Боёвут тумани ИИБ Тергов гуруҳи иш юритувидаги Жиноят Кодексининг 168- ва 167-моддалари билан қўзғатилган жиноят иши доирасида “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлламаслик ҳамда кейинчалик ишни гумонланувчи фойдасига ҳал қилиб бериш эвазига 10 минг АҚШ доллари миқдорида пора сўраган.

Давлат ҳавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда қонун ҳимоячиси талаб қилинган пул маблағини ўз хизмат хонасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Хабарга кўра, ҳозирда прокурор ўринбосарига нисбатан Жиноят Кодексининг 168 ва 28,211-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

«Ҳолат юзасидан мазкур мансабдор шахсга нисбатан «қамоқ»” эҳтиёт чораси қўлланилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.