Каримова иши ортида сиёсат борми? Ўзбекистон ҳукмати муҳим баёнот билан чиқди
Ўзбекистон ҳукумати Гулнора Каримовага нисбатан суд ишлари қонуний ва холис тарзда ўтганини маълум қилди. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази БМТнинг фикрларига жавоб тариқасида баёнот эълон қилди.
Унда таъкидланишича, Каримовага нисбатан барча жиноят ишлари мамлакатнинг амалдаги қонунчилиги ва халқаро мажбуриятларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда кўриб чиқилган. Суд жараёнида унга адвокат билан махфий мулоқот қилиш, иш материаллари билан танишиш имкони берилган.
Миллий марказ БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши ишчи гуруҳи томонидан билдирилган «ошхонада суд қилинган» каби иддаоларни асоссиз деб атади. Шунингдек, ҳибсга олиш, тергов ва суд муҳокамалари белгиланган тартибда ўтказилгани қайд этилди.
Мен ҳам тирбандликда турдим – Президент
Президент Шавкат Мирзиёев тирбандлик муаммосига шахсан дуч келганини айтиб, ҳафта охирида рулда ҳаракатланганда 15–20 дақиқа тиқилинчда қолганини маълум қилди. Бу ҳақда у 9 июл куни йўл ҳаракати хавфсизлиги ва тирбандликни камайтиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида гапирди. Президент фуқаролар қатори ўзининг ҳам тирбандликда турганини таъкидлаб, айрим вазирлик ва идоралар биноси жойлашган кўчалар ёпиб қўйилгани, йўлларни «парковка» қилиб олиш ҳолатлари аҳолида норозилик уйғотганини билдирди.
Давлат раҳбари ҳайдовчилар учун мулоқот платформаси йўқлигини тан олди ҳамда асоссиз тақиқловчи белгиларни олиб ташлаш, жамоат транспортидан фойдаланишни кенгайтириш бўйича мутасаддиларга топшириқ берди. Рўйхатдан ташқари раҳбарлар хизмат машиналарига йўлда устунлик берилмаслиги белгиланди, қонунсиз «парковка»ларга қарши камера орқали назорат кучайтирилади.
Жиззахда ҳоким 10 минг доллар пора билан ушланди
Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани ҳокими ва ҳокимликнинг бош мутахассиси 30 минг доллар пора олишда гумонланиб, ДХХ томонидан ушланди. Маълумотларга кўра, улар хусусий компания раҳбарига ер майдонида кўп қаватли уйлар қуришга рухсат бериш эвазига пул талаб қилган. 5 июль куни 10 минг доллар туман ҳокимига берилган, қолган 20 минг доллар эса 8 июль куни топширилган ва ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари пора олиш жараёнида ҳар икки шахсни фош этди. Ҳозирда туман ҳокими депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилиниб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси, бош мутахассисга эса 168 ва 211-моддалар асосида жиноят иши қўзғатилди.
«600 долларлик хизматга 13 минг доллар»: Фарҳод «автозапчаст» бозорида шантаж маркази фош этилди
Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги Фарҳод автозапчастлар бозорида 12 нафардан иборат жиноий гуруҳ товламачилик ва фирибгарликда айбланиб, ДХХ ҳамда ИИВ томонидан ҳибсга олинди. Улар фуқароларнинг розилигисиз автомашиналарига ускуналар ўрнатиб, асоссиз катта маблағлар талаб қилган. Бир ҳолатда 600 долларлик хизмат учун 13 300 доллар ундирилган, яна бошқа ҳолатларда эса мижозлар калитлари олиб қўйилиб, юзлаб миллион сўм тўлашга мажбурланган.
Жиноятчилар 70 миллион сўмдан зиёд маблағни ваъда қилинган ишни бажармасдан ўзлаштирган. Гуруҳ аъзоларининг кўпчилиги аввал жиноий жавобгарликка тортилган шахслар бўлиб, уларга нисбатан Жиноят кодексининг 165 ва 168-моддалари асосида иш очилиб, қамоққа олинди. Тергов давомида уларнинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги ҳам ўрганилмоқда.
Шота Руставели кўчаси 198 млн долларга реконструкция қилинадими?
Шота Руставели кўчасини реконструкция қилишга 198 миллион доллар сарфланиши ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда муҳокамага сабаб бўлди. Транспорт вазирлиги бу сумма бутун Тошкент шаҳри бўйлаб 200 километрга яқин йўл инфратузилмасини босқичма-босқич янгилаш учун мўлжалланганини маълум қилди. Расмийларга кўра, ҳар бир лойиҳа бўйича якуний харажат фақат амалга оширилган реал ишлар асосида аниқланади.
Шота Руставели кўчаси билан бир қаторда Амир Темур шоҳ кўчаси, Шаҳрисабз ва Янги Сергели кўчалари ҳамда Олмазор туманидаги йирик йўл объекти реконструкцияси биринчи босқичда 50 миллион долларга баҳоланган. Тошкент шаҳар ҳокимлиги, «TIC Engineering», «Tashkent Invest» АЖ ва Хитойнинг «China State Construction Engineering Corporation» компанияси билан ҳамкорликда лойиҳалар амалга оширилмоқда.