Хитой уч томонлама ҳамкорлик орқали глобал дипломатияда янги позицияни эгалламоқда

08:30 | 4 дақиқада ўқилади.

Хитой охирги йилларда уч томонлама ҳамкорлик моделини жадал тарғиб этар экан, бу орқали халқаро ривожланиш, геосиёсий таъсир ва кўп томонлама дипломатияни янги босқичга олиб чиқмоқда.

China global

Пекин анъанавий икки томонлама ёрдам моделидан воз кечиб, ривожланаётган мамлакатларга анъанавий донорлар ёки халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ёрдам кўрсатишни кучайтирмоқда. Бу ёндашув Хитойнинг стратегик мақсадларига хизмат қилиб, уни минтақавий етакчилар ва БМТ тизимидаги кўп томонлама структуралар билан янада яқинлаштирмоқда, дейилади The Diplomat мақоласида.

Ўтмишда уч томонлама ҳамкорлик ғоясига шубҳа билан қараган Пекин энди ушбу моделни халқаро майдонда илгари сурмоқда. Бу стратегия икки асосий мақсадга хизмат қилади: биринчиси — Хитой минтақавий етакчи давлатлар билан ривожланиш дастурларини иқтисодий таъсир билан уйғунлаштирмоқда; иккинчиси — Хитой ўзини «ҳақиқий кўп томонлама ҳамкор» сифатида намоён этиб, глобал институтлардаги мавқеини мустаҳкамлашга интилмоқда.

2018 йилда Хитой Халқаро ривожланиш ҳамкорлиги агентлигини (CIDCA) ташкил этиб, уч томонлама ёрдам тизимини марказлаштирди. 2021 йилда эълон қилинган «Оқ китоб»да Хитой ушбу форматни янги стратегик механизм сифатида илгари сурди. Шундан сўнг Хитой Сингапур, Янги Зеландия, Бангладеш ва Покистон билан қатор лойиҳаларни амалга оширди.

Уч томонлама лойиҳалар кўпинча техник таълим, иқтидорларни ривожлантириш ва инфратузилма соҳаларида амалга ошириляпти. Масалан, 2025 йил июнь ойида Хитой ва Сингапур ASEAN ва Шарқий Тимор расмийлари учун «Учинчи давлатлар учун ўқув дастури»ни бошлади. Шу ойда Хитой, Покистон ва Бангладеш биринчи уч томонлама саммит ўтказиб, инфратузилма ва иқлим бўйича лойиҳаларга келишиб олди.

Шунингдек, Хитой GDI (Global Development Initiative) ташаббусини амалга ошириб, БМТ агентликлари орқали ривожланиш лойиҳаларини кўп томонлама асосда молиялаштирмоқда. Бундан кўринадики, Пекин нафақат давлатлараро, балки хусусий секторни ҳам жалб этган ҳолда учинчи бозорлар учун янги ҳамкорлик моделини ишлаб чиқаётир.

Хулоса қилиб айтганда, Хитой ўзининг геосиёсий стратегик мақсадларини амалга оширишда уч томонлама ҳамкорликни халқаро дипломатиянинг муҳим воситасига айлантирмоқда. Бу, айниқса, АҚШ ва Хитой ўртасидаги рақобат кучаётган шароитда ўрта ва кичик давлатлар учун муқобил йўл сифатида намоён бўлмоқда.