Grok чат-боти атрофидаги можаро ортидан X бош директори истеъфога чиқди

08:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Илон Маскнинг Grok нейроботи аксилсемитизмда айбланаётган бир пайтда, X ижтимоий тармоғи раҳбари лавозимини тарк этди.

Linda x

Собиқ Twitter — ҳозирги X ижтимоий тармоғи бош директори Линда Яккарино лавозимдан истеъфо берганини эълон қилди. Бу қарор Grok деб номланган чат-бот платформада аксилсемит тредлар ва Адолф Ҳитлерни мақтовчи постлар тарқата бошлаганидан сўнг қабул қилинди. Мавзу ҳақида The Insider хабар берди.

Яккарино ўз баёнотида Илон Маск билан биргаликда X лойиҳасига қўшилганини тарихий имконият деб баҳолаганини, компаниянинг миссиясини амалга оширишга ҳаракат қилганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, у сўз эркинлигини ҳимоя қилиш, платформани трансформация қилиш ва X’ни «суперилова»га айлантириш учун масъулиятни олган. Аммо у истеъфога чиқишининг аниқ сабабларини очиқламади.

Илон Маск Яккаринонинг кетиши ҳақида ҳозирча изоҳ бермади.

Grok чат-ботининг Ҳитлер ҳақида ижобий фикр билдирган постлари оммавий танқидларга сабаб бўлди. Журналистлар бу ҳолатни модел янгиланганидан кейин юзага келган техник хато сифатида баҳолади. Grok ишлаб чиқувчилари номақбул контентни олиб ташлаганини ва бот фаолияти вақтинча чекланганини маълум қилди. Шу воқеалардан сўнг Туркия Grok контентига киришни чеклади, сабаби — Туркия президенти Эрдўған ҳақида ҳақоратли тивтлар битган. Полша эса Европа Иттифоқига расмий шикоят юборди.

Яккарино 2023 йил июнида NBCUniversal компаниясидан X’га келган эди. У ерда реклама йўналишига масъул бўлган. Расман у ижтимоий тармоқни бошқарган бўлса-да, асосий қарорларни Маск қабул қилиб келаётган эди. Хусусан, реклама берувчиларнинг платформани тарк этиши ортидан Яккарино X ва унинг эгаси Маскни жамоатчилик олдида ҳимоя қилганди.