Трамп Бразилия маҳсулотларига 50 фоизлик бож тўловини жорий қилди

09:30 | 4 дақиқада ўқилади.

1 августдан эътиборан АҚШ Бразилиядан импорт қилинадиган барча маҳсулотларга 50 фоизлик бож белгилади. Президент Трамп BRICS иттифоқчиларига нисбатан иқтисодий босимни кучайтирмоқда.

Brics

АҚШ президенти Доналд Трамп 1 августдан бошлаб Бразилиядан келадиган барча импорт маҳсулотларга 50 фоизлик ягона бож тўлови жорий этилишини маълум қилди. Унга кўра, ушбу тўлов мавжуд соҳавий божларга қўшимча тарзда амал қилади. Бу ҳақдаги баёнот Трампнинг Truth Social’даги саҳифасида эълон қилинди.

Reuters агентлигига кўра, Трамп маъмурияти BRICSʼга аъзо мамлакатлар АҚШ манфаатларига зид сиёсат юритса, уларга нисбатан янада қаттиқроқ савдо чекловлари қўллашни кўриб чиқмоқда. Президент Трамп айни пайтда BRICS ташаббусларига қўшилаётган давлатларга нисбатан 10 фоизлик қўшимча тарифлар жорий этиш эҳтимоли ҳақида ҳам огоҳлантирган.

Бу баёнотлар Бразилияда ўтаётган BRICS саммити давомида тарқалди. Анжуман якунларида қатнашчилар Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатлари ва Эронга қарши авиаҳужумларни кескин танқид қилган эди.

7 июль куни Трамп Жанубий Африка Республикаси маҳсулотларига нисбатан 30 фоизлик импорт божи жорий қилишини ҳам эълон қилган эди. Унинг таъкидлашича, АҚШ-ЖАР савдо муносабатларида юзага келган номутаносибликни бартараф этиш зарур.

Трамп аввалроқ BRICSдавлатлари долларга муқобил ягона валюта яратишга уринса, ушбу мамлакатлар импортига 100 фоизлик бож тўловлари жорий этилиши мумкинлигини айтган. Унинг таъкидлашича, «Америка долларини халқаро савдодан сиқиб чиқаришга уриниш бефойда ва иқтисодий оқибатларга олиб келади».

Айни пайтда BRICSгуруҳига Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африкадан ташқари, Миср, Эрон, Индонезия, Эфиопия ва БАА ҳам киради. Ушбу мамлакатлар жаҳон аҳолисининг ярмидан кўпини ташкил қилиб, дунё ЯИМнинг тахминан 40 фоизини шакллантиради. Бразилия эса Жанубий Америкадаги йирик иқтисодий марказ сифатида BRICSʼда муҳим рол ўйнайди.