Афғонистон масаласи: БМТ резолюцияси ва Халқаро Суд қарори фонида мамлакат атрофидаги минтақавий сиёсат

12:00 | 10 дақиқада ўқилади.

БМТ Бош Ассамблеяси 8 июл куни «Толибон» нинг Афғонистондаги аёллар ва қизлар ҳуқуқларини чекловчи сиёсатини кескин танқид қилувчи резолюцияни қабул қилди. Ҳужжатни Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонни ўз ичига олган 116 давлат қўллаб-қувватлади.

Taliban myc

Резолюцияда толиблардан аёлларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши ва ижтимоий ҳаётда иштирок этишига қўйилган тақиқларни бекор қилиш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ҳимояси, сўз эркинлиги ва гуманитар ёрдамдан фойдаланишни таъминлаш талаби қўйилган.

Ҳужжат Афғонистонда инклюзив ҳукумат тузиш, экстремизм, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний ишлаб чиқарилиши ва инсон ҳуқуқларининг бузилишига қарши курашни кучайтиришга чақиради.

Резолюцияга нисбатан давлатларнинг реакцияси турлича бўлди. Хусусан,Тожикистон ҳукумати Афғонистондан келган қочқинларга мамлакатни 15 кун ичида тарк этишни буюрди. Бу қарор ҳатто расмий яшаш ҳужжатига эга бўлган шахсларни ҳам қамраб олмоқда. Сўнгги ҳафталарда ҳукумат томонидан рейдлар кучайтирилган бўлиб, ҳар куни ўнлаб афғон эркаклари ҳибсга олинмоқда. Улар кўпинча иш жойидан тўсатдан, оиласига хабар берилмасдан олиб кетилмоқда. Ушбу шахсларнинг аксарияти учинчи давлатларга, жумладан, Канадага кўчиб ўтиш бўйича ариза жавобини кутаётганлар бўлиб, мажбурий депортация уларнинг ҳаёти, хавфсизлиги ва келажак режалари учун жиддий таҳдид туғдирмоқда.

Тожикистонда афғон қочқинларига қарши бошланган кампания бутун минтақада бу гуруҳга нисбатан босим кучайиб бораётганини кўрсатмоқда. Хусусан, Эрон ва Покистон ҳам сўнгги ойларда афғонларни оммавий равишда депортация қилмоқда, деб хабар бердирасмий агентлик.

Ҳозирда Тожикистонда 13 мингдан ортиқ афғон истиқомат қилмоқда. Улар орасида собиқ ҳукумат ходимлари, ҳарбийлар ва амалдорлар ҳам бор. 2021 йилда Толибон ҳокимиятга келгач, бу одамлар қатағонлардан қочиб, қўшни давлатларга, жумладан Тожикистонга бошпана излаб келган эди.

Энди оммавий депортациялар бошлангач, уларнинг яна хавф остида қолаётгани ҳақида хавотирлар ортмоқда.

АҚШ қарши овоз берди, Россия, Хитой, Ҳиндистон ва Эрон бетараф қолди.

 

ХЖСнинг «Толибон» раҳбарларини ҳибсга олиш бўйича расмий ордери

Халқаро жиноий суд (ХЖС) «Толибон» раҳбарлари – Ҳайбатуллоҳ Охундзода ва Абдулҳаким Ҳаққонийни ҳибсга олиш бўйича расмий ордер берди. Улар аёллар ва қизларга нисбатан мунтазам таъқиблар ва инсониятга қарши жиноятларда айбланмоқда.

Бу тарихда илк бор «Толибон» раҳбарлари халқаро суд томонидан аёлларни таъқиб қилиш учун жавобгар, дея эълон қилинди. Бу ҳолат Толибон режимининг қонунийлиги, ҳамда Афғонистоннинг дунё билан алоқаларига жиддий таъсир қилиши мумкин.

ХЖС маълумотига кўра, Охундзода ва Ҳаққоний аёлларни жинсига қараб камситиш, уларнинг ҳуқуқларини бузиш бўйича бевосита буйруқ берган. Суд даъвосига кўра, жиноятлар 2021 йил августидан (яъни Толибон ҳокимиятни олганидан кейин) 2025 йил январигача давом этган.

Судга кўра, 2021 йил августидан 2025- йил январигача Толибон раҳбарлари қуйидаги қоидабузарликларга йўл қўйган:

  • Аёллар ва қизларнинг ўқиши ва эркин ҳаракатланишини тақиқлаш;
  • Қийноқлар, қотиллик ва куч билан йўқ қилиш;
  • Аёлларни қўллаган ёки фақатгина қаршилик кўрсатмаган одамларни жазолаш.

Бу Халқаро суд тарихида илк бор Толибон раҳбарларини жинсий камситиш асосида жиноий жавобгарликка тортиш ҳаракати бўлди.

 

Афғонистон ҳукуматининг ХЖСга жавоби

«Биз Халқаро жиноий суд (ХЖС) деб номланган ҳеч бир ташкилотни тан олмаймиз ва унинг баёнотлари ҳукуматимизнинг қатъий иродаси ҳамда позициясига таъсир қилмайди», дейилади Ислом Амирлигининг жавобида.

Расмий Кобулга кўра, Фаластинда сионистлар ва унинг хорижий ҳамкорлари томонидан геноцид содир этилаётган, ҳар куни юзлаб аёллар ва болалар ўлдирилаётган бир пайтда «Халқаро суд»нинг сохта шиорлар билан чиқиши шармандаликдир

 

Ўзбекистон-Афғонистон муносабатлари

Ўзбекистон Толибон ҳукуматини расмий тан олмаган бўлса-да, Афғонистондаги янги режим билан иқтисодий, инфратузилмавий ва хавфсизлик соҳаларида фаол ҳамкорлик олиб бормоқда. 2024–2025 йилларда Тошкент ва Кобул ўртасида юқори даражадаги расмий учрашувлар бўлиб ўтди: 2024 йил 17 августда Бош вазир Абдулла Арипов Афғонистонга ташриф буюриб, тахминан 2,5 миллиард долларлик савдо ва инвестиция меморандуми имзоланди. Бу лойиҳалар қаторида темирйўл линиялари, электр узатиш, эр ресурслари ва йирик инвестиция зоналари, жумладан, Термиз атрофида бозор зонаси шакллантирилмоқда.

2025 йилда Ўзбекистон Афғонистон билан 500 kVлик электр узатиш лойиҳасини бошлашни режалаштириб, ҳамда Транс-Афғон темирйўл лойиҳаси орқали «Термез–Мозори Шариф–Кобул–Пешовар» йўналишида темирйўл қурилишини жадаллаштирмоқда. Бу транспорт йўлаги орқали Ўзбекистон Марказий Осиё ва Жанубий Осиё ўртасида бевосита уланишни таъминлайди.

Расмий тан олиш масаласида Ўзбекистон раҳбарияти эҳтиёткор ёндашмоқда. Президент махсус вакили Абдулазиз Комилов июнь ойида шундай деган: «Биз (Толибонни) вақт келганда халқаро ҳамжамият, жумладан БМТ билан биргаликда тан оламиз». Ундан ташқари, Тошкент Афғонистон масаласини БМТ, СCО ва Турк давлатлари доирасида мунтазам муҳокама қилиб, халқаро тан олиш учун замин яратишга интилмоқда .

Ахборот соҳасида ҳам Ўзбекистон Кобулдек яқин давлат билан дипломатик алоқаларни кучайтирган: амалдорлар учрашади, элчихона даражасидаги вакиллар алмашилади ва Афғонистондан келган делегациялар ҳам Тошкентда доимий равишда учрашувларга киришган. Тиббиёт ва соғлиқни сақлаш йўналишларида ҳам ҳамкорлик чуқурлашмоқда: Ўзбекистон дорилар ва тиббий техника билан таъминламоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Ғарбий Афғонистондаги Қўштепа канали лойиҳасидан келиб чиқадиган сув ва экологик муаммолар юзасидан Толибон билан дипломатик музокаралар олиб бормоқда.

Умуман олганда, Ўзбекистон Афғонистонга бўлган сиёсатини «иқтисодий интеграция, инфратузилма лойиҳалари ва халқаро ҳамжамият билан мувофиқлаштирилган тан олиш» асосида қурмоқда, шу билан бирга хавфсизлик, сув ресурслари ва инсонпарварлик масалаларига эътибор бермоқда.

Меҳриноза Фармонова тайёрлади