Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темирйўли лойиҳасига миллий компаниялар жалб этилиши мумкин

12:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Темир йўл лойиҳаси доирасида Ўзбекистон транспорт вазири миллий компанияларни субпудратчи сифатида жалб қилиш таклифи билан чиқди. Бу маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янги иқтисодий имкониятлар яратиши мумкин.

Temir yo'l

Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Хитойнинг «China Railway» корпорацияси бош директори Сюде Сун ва Хитой Миллий ривожланиш ва ислоҳотлар қўмитаси Ташқи инвестициялар департаменти раҳбари ўринбосари Цзин Син билан музокаралар ўтказди. Учрашув Тошкентда бўлиб ўтди.

Музокаралар чоғида томонлар «Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон» темир йўл магистралини барпо этиш лойиҳаси бўйича амалга оширилаётган ишлар ва юзага келаётган масалаларни муҳокама қилди.

Илҳом Маҳкамов ушбу лойиҳа доирасида Ўзбекистоннинг миллий компанияларини субпудрат ишларига жалб қилиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф этди. Унинг таъкидлашича, маҳаллий хомашё базаси ва ишлаб чиқариш салоҳиятидан фойдаланиш лойиҳанинг самарадорлигини ошириш ва маҳаллий бизнес учун янги иқтисодий имкониятлар яратишга хизмат қилади.

Шунингдек, транспорт оқимини кенгайтириш ва юк ташиш ҳажмини ошириш мақсадида вазир Кашгар станциясига экспорт мақоми беришни тавсия этди. Бу таклиф йўналишнинг логистика салоҳиятини кенгайтириш ва унинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.

Лойиҳа стратегик аҳамиятга эга бўлиб, минтақа давлатлари ўртасида транспорт боғланишини мустаҳкамлаш ва халқаро савдо оқимини фаоллаштиришга қаратилган.