Жанубий Кореянинг собиқ президенти яна ҳибсга олинди

13:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Сеул суди Юн Сук Йолга нисбатан янги ҳибс қарори чиқарди. У 2024 йил декабрда мамлакатда қисқа муддатли ҳарбий ҳолат жорий қилгани учун айбланмоқда.

Yun sok Yol

2025 йил 9 июл куни Жанубий Кореянинг Сеул марказий округ суди собиқ президент Юн Сук Йолга нисбатан қайта ҳибсга олиш ордерини чиқарди. Бу ҳақда Politico нашри хабар берди. 

Суд унинг декабр ойида мамлакатда қисқа муддатли ҳарбий ҳолат жорий қилгани билан боғлиқ жиноят ишлари далилларини йўқ қилиш хавфини инобатга олган ҳолда уни ҳибсга олишни маъқуллади.

Юн шу йил март ойида ҳибсдан озод этилган эди. Бироқ бу сафар махсус прокурор Чо Ун Сук бошчилигидаги тергов гуруҳи томонидан у яна ҳибсга олинди. Унга давлат тўнтаришига уриниш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, расмий ҳужжатларни сохталаштириш ва расмий фаолиятга тўсқинлик қилиш каби айбловлар қўйилган.

Юннинг адвокатлари ҳибс талабини ҳаддан ташқари деб баҳолаган ва унинг асослилигини рад этган. У 20 кунгача ҳибсда сақланиши мумкин, айбловлар тасдиқланса, суд муҳокамасига қадар ушлаш муддати 6 ойгача узайтирилиши мумкин.

Юн 2024 йил 3 декабрда ҳарбий ҳолат эълон қилган, у буни «антидавлат либераллар»га қарши зарур чора сифатида баҳолаган. Бироқ бир неча соатдан кейин парламент аъзолари армия блокадасини бузиб кириб, ҳарбий ҳолатни бекор қилиш учун овоз беришган. 14 декабрда у импичмент қилинди ва 26 январда расман айблов эълон қилинди.

Айбловлар қаторида ҳарбий ҳолатни расмий ҳукумат йиғилишисиз жорий қилиш, шахсий армия сифатида президент гвардиясини қонунийсиз сафарбар этиш каби ҳолатлар ҳам бор. Юнга нисбатан даъвонинг оғирлиги шундаки, айбловлар бўйича у умрбод қамоқ ёки ҳатто ўлим жазосига маҳкум этилиши мумкин.