Санэпидқўмита Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамда Шайхонтоҳур тумани бўлими мутахассислари томонидан ўтказилган назорат тадбирлари давомида жуда оғир санитария ҳолатида сақланаётган 220 кг музқаймоқ аниқланди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича (https://t.me/toshsanepid/20378), музқаймоқ маҳсулотлари номаълум шароитда тайёрланган ва уларнинг сифати ҳамда хавфсизлигини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжат мавжуд эмас. Қадоқларда талаб этилган маълумотлар кўрсатилмаган, маҳсулотлар эса бир неча марта эритилиб, қайта музлатилган ҳолда сақланган.
Текширув давомида музқаймоқ идишларининг анча вақтдан бери тозаланмаганлиги ва уларда ҳашаротлар мавжудлиги маълум бўлди. Шунингдек, музқаймоқ билан бирга тарқатилаётган вафлилар ҳам очиқ ҳолда сақланган.
Ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланган заҳоти, мазкур ноқонуний фаолият тўхтатилди ва музқаймоқ маҳсулотлари белгиланган тартибда йўқ қилинди. Шу билан бирга, санитария қоидаларини бузган 3 нафар фуқарога нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди.