Россия активлари музлатилган ҳолда қолади

21:20 | 2 дақиқада ўқилади.

Германия канцлери Фридрих Мерц Украина тикланишига бағишланган Рим анжуманида Россияга тегишли активлар музлатилган ҳолда сақланишини тасдиқлади.

Russian freezed mone

Германия канцлери Фридрих Мерс Римда ўтказилган Украинани тиклаш масалаларига бағишланган конференция доирасида Россиянинг давлат активлари музлатилган ҳолда қолишини маълум қилди.

«Мен яна бир бор таъкидламоқчиманки, музлатиш давом этаверади. Активлардан келадиган фоизлар ёки даромадлардан фойдаланиш биз белгилаган механизм асосида амалга оширилади. Зарурат туғилганда, активларнинг ўзи ҳам тегишли келишув асосида ишлатилиши мумкин», — дея айтди Мерс.

Канцлернинг айтишича, Россия босқини оқибатида Украинага етказилган зарар тахминан 500 миллиард еврони ташкил этади.

Бундан олдин Мерс Римда Иккинчи жаҳон урушидан кейин Германиянинг тикланишини молиялаштирган KfW давлат банк гуруҳи намунасида Украина бизнесини ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш ҳақида эълон қилган эди.

Европа Иттифоқи, Канада, АҚШ ва Япония Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинидан сўнг Россиянинг тахминан 300 миллиард долларлик активларини музлатиб қўйди. Шундан 5-6 миллиард доллари АҚШда, асосий қисми эса Европада, жумладан, Белгиядаги Euroclear халқаро платформасида сақланаётган 210 миллиард доллар ҳам бор.