2025 йил 10 июль куни «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишларнинг асосий натижаларини эълон қилди. Унга кўра, комбинат ҳисобот даврида 60,8 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарган ва бу кўрсаткич 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 101,4 фоизлик ўсишни ташкил қилган.
Ишлаб чиқарилган олтин миқдори 1537,6 минг троя унцияси (47,827 тонна)ни ташкил этиб, ўтган йилги 1516,8 минг троя унциясига тенг кўрсаткичдан юқори бўлди. Шу билан бирга, комбинат инвестиция дастури доирасида 219,5 млн долларлик маблағни ўзлаштирди ҳамда 1190 та янги иш ўрни яратди.
Маҳсулот таннархини 1,8 трлн сўмга камайтириш мақсадида харажатларни оптималлаштириш бўйича чоралар амалга оширилди. Шу билан бирга, маҳаллийлаштириш дастури доирасида 757,5 млрд сўмлик маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Шунингдек, тармоқлараро кооперация доирасида 3,6 трлн сўмлик маҳсулот харид қилинди.
2025 йил феврал ойида «Sustainable Fitch» агентлиги томонидан «НКМК» АЖга илк бор ESG рейтингининг «3»-даражаси берилди. Бу комбинатни Ўзбекистонда ESG баҳоси олган биринчи кон-металлургия компаниясига айлантирди. Мазкур рейтинг шаффофлик ва барқарор ривожланиш бўйича халқаро талабларга мувофиқлигини тасдиқлайди.
Шунингдек, 2024 йил якунидаги давлат органлари ва ташкилотлар фаолияти бўйича рейтингларда «НКМК» АЖ 96 балл билан коррупцияга қарши курашишда биринчи ўринни эгаллади. Очиқлик индекси бўйича ҳам 89,2 балл тўплаб, уч йил кетма-кет энг самарали ташкилотлар қаторида қолди. Аксиядорлик жамиятлари орасида эса 3-ўринни эгаллади.