Европа Иттифоқи Украинани тиклаш учун 10 млрд еврогача сармоя киритади

09:20 | 4 дақиқада ўқилади.

Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен Украина учун тўғридан тўғри инвестициялар фондини эълон қилди. Ушбу ташаббус Европанинг Украина иқтисодиётини тиклашдаги стратегик иштирокини янада мустаҳкамлайди.

Ursula von der ljajen

Фон дер Ляйеннинг маълум қилишича, Европа Иттифоқи томонидан ташкил этилаётган инвестиция фондида дастлабки капитал сифатида 220 млн евро ажратилади. 2026 йилгача ушбу маблағни 500 млн еврогача етказиш мақсад қилинган. Янги молиявий дастур доирасида 2,3 млрд еврога тенг қўшимча ёрдам ҳам кўзда тутилган.

Ушбу ёрдам пакети 1,8 млрд евро миқдоридаги кредит кафолатлари ва 580 млн евро грантлардан иборат бўлади. Европа комиссияси ушбу дастур орқали умумий ҳисобда 10 млрд еврогача хусусий сармоя жалб этилишини кутаётганини маълум қилди.

Фонд Европанинг етакчи мамлакатлари — Франция, Германия, Италия ва Полша, шунингдек, Европа инвестиция банки иштирокида ташкил этилди. Унинг мақсади — Украинада бизнес инфратузилмасини ривожлантириш, турли бозор иштирокчилари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва иқтисодий тикланишни таъминлашдир.

«Бугун Европа Иттифоқи нафақат донор, балки Украина келажаги учун асосий инвестор эканини намоён қилмоқда. Биз 2,3 млрд еврога тенг келишувлар имзоладик. Бу маблағлар уй-жойлар, касалхоналар, корхоналар ва энергетика хавфсизлигини тиклашга йўналтирилади», — деди фон дер Ляйен.

Жаҳон банки баҳолашича, Украина учун 2025–2035 йиллар давомида амалга оширилиши керак бўлган тикланиш дастурига 524 миллиард доллардан ортиқ сармоя зарур. Энг катта зарар уй-жой секторида (57 млрд доллар) ва транспорт инфратузилмасида (36 млрд доллар) қайд этилган. Энергетика ҳамда қазиб чиқариш соҳаларида зарар 20 млрд долларни ташкил этган.

Россия қисман оккупация қилган Донецк, Луҳанск, Запорижжя, Херсон ва Харкив областлари мамлакатдаги энг кўп зарар кўрган ҳудудлар сифатида қайд этилган. Умумий тўғридан тўғри зарарнинг 66 фоизи ва тикланиш харажатларининг 47 фоизи айнан шу минтақалар ҳиссасига тўғри келади.