Саидазим Ғуломов яна UzAuto Motors Powertrain бош директори этиб тасдиқланди

08:30 | 2 дақиқада ўқилади.

2023 йил декабридан буён корхонага вақтинчалик раҳбарлик қилиб келаётган Саидазим Ғуломов расман UzAuto Motors Powertrain бош директори лавозимига тасдиқланди.

Gulyamov

Бу ҳақда маълумот ягона корпоратив ахборот порталида эълон қилинди.

Ғуломов 2023 йил декабрида бош директор вазифасини вақтинча бажарувчи сифатида тайинланган эди ва ўшандан бери барча раҳбарлик ваколатларини амалга ошириб келган. Унинг номзоди энди расмий тартибда тасдиқланиб, компаниядаги бошқарув мутлақ ўз қўлига ўтди.

Саидазим Миркамолович Ғуломов компанияни илгари ҳам  бошқарган. У бир неча йиллар давомида (2016-2021) UzAuto Motors Powertrain’га раҳбарлик қилган ва бу борада катта тажрибага эга. Кейинчалик унинг ўрнини швед мутахассиси Бу Андерссон эгаллаган эди.

Эслатиб ўтамиз, жорий 2025 йил бошида Бу Андерссон UzAuto Motors ҳамда UzAuto Motors Powertrain бошқарувидаги барча лавозимлардан кетгани ҳақида расман хабар қилинган эди. Унинг кетиши ортидан компанияда раҳбариятдаги бошқа ўзгаришлар ҳам юз берди.

UzAuto Motors Powertrain — Ўзбекистоннинг автомобиль саноатида муҳим ўрин тутадиган корхона бўлиб, унинг бошқарувига тажрибали мутахассис тайинлангани компания фаолиятида барқарорликни таъминлашга хизмат қилиши кутилмоқда.