Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги маълум қилишича, 2025/2026 ўқув йилида иккинчи ва ундан кейинги олий маълумот олиш истагидаги талабгорлар учун қабул жараёни бошланди. Рўйхатдан ўтиш жараёни Ягона таълим хизматлари портали — my.edu.uz орқали амалга оширилади ва 2025 йил 10 августгача давом этади.
Ариза топшириш учун номзодлар онлайн платформа орқали ўз паспорт маълумотлари, шахсий идентификация рақами (ЖШШИР) маълумотларини киритиши, олий маълумот дипломи ва унинг иловасининг электрон нусхасини юклаши, шунингдек, ўқиш истагини билдирган олий таълим муассасаси ва таълим йўналишини танлаши талаб этилади.
Иккинчи ва ундан кейинги таълим фақат тўлов-контракт асосида ташкил этилади. Қабул параметрлари эса ҳар бир олий таълим муассасасининг моддий-техник базаси ва илмий-педагогик салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда, муассаса кенгаши томонидан белгиланади.
Мазкур йўналишда ўқишга қабул қилиш тартиби «Олий таълим тўғрисида»ги ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилади. Талабгорлар қабул жараёнида белгиланган ҳужжатларни тўғри ва тўлиқ тақдим этиши зарур.
Эслатиб ўтамиз, айни пайтда давлат ОТМларининг магистратура йўналишлари учун ҳам 2025/2026 ўқув йилига қабул жараёни олиб борилмоқда.