Россия сўнгги уч йилда 40 млрд еврога тенг активларни миллийлаштирди

13:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Юридик таҳлилчилар маълумотларига кўра, Россия ҳукумати 2022–2025 йилларда хусусий мулкларни мусодара қилиш бўйича камида 102 та ҳолат қайд этган. Умумий маблағ 3,9 трлн рублни ташкил қилиб, мамлакат ҳарбий бюджетининг учдан бир қисмига тенг.

Yevro

Сўнгги уч йилда Россия ҳукумати жами 3,9 трлн рубл ёки тахминан 40,4 млрд еврога тенг хусусий активларни миллийлаштирди. Бу ҳақда The Moscow Times нашри хабар берди. Ҳисобот 2025 йил июн ойида «Некторўв, Савелев и партнёр» юридик фирмаси томонидан тайёрланган.

Ҳужжатда таъкидланишича, мазкур миқдор Россиянинг 2025 йилги 13,5 трлн рубллик ҳарбий харажатларининг учдан бир қисмига тўғри келади. Миллийлаштирилган активлар миқдори «Роснефт» компаниясининг капитали (4,3 трлн рубл), федерал бюджет тақчиллиги (3,8 трлн рубл) ва Миллий фаровонлик жамғармаси ликвид қисми (4,1 трлн рубл) билан таққосланмоқда.

Юридик таҳлилчиларнинг айтишича, 102 та миллийлаштириш ҳолатларининг асосий қисми 2022–2025 йилларга тўғри келади. Бир нечта ҳолатлар 2020–2021 йилларда қайд этилган.

Айниқса, хорижий компанияларга тегишли активлар қонуний асосда тўғридан-тўғри мусодара қилинолмаган. Улар Россия президенти Владимир Путиннинг фармонлари асосида Федерал мулк агентлиги доимий бошқарувига ўтказилган. 2024 йилга келиб бундай компаниялар сони 9 тадан 16 тагача кўпайган.

Ҳуқуқшуносларга кўра, миллийлаштириш воситалари сифатида арбитраж суд қарори, бошқарувга вақтинча тайинлаш ёки тўғридан-тўғри фармонлардан фойдаланилган.