AI-80 бензини нархи биржада 10 млн сўмдан ошиб, рекорд даражага етди

17:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда AI-80 русумли бензин нархи 2025 йил бошидан буён энг юқори кўрсаткични қайд этди. 10 июл куни бир тоннасининг биржа нархи 10,19 миллион сўмга етди. Нарх ошиб боришини Рақобат қўмитасининг чекловларни бекор қилиши рағбатлантирган.

Ai 80

Ўзбекистон товар-хомашё биржаси маълумотларига кўра, бензин нархи 4 июлдан буён тинимсиз ошиб бормоқда. Июн ойида Рақобат қўмитаси AI-80 бензини учун белгиланган 5 фоизлик нарх ўсиши чегарасини бекор қилди. Бу қарор ортидан нархлар кўтарилди ва сотув ҳажми камайди.

10 июл куни AI-80 нархи 0,5 фоизга ўсиб, бир тоннасининг нархи 10,19 миллион сўмни ташкил этди. Бу нарх жорий йилда биринчи марта 4 июлда 10 миллион сўмдан ошган эди. Июнь ойида қабул қилинган қарор ортидан бензин бир ой ичида 7,7 фоизга қимматлашди.

AI-80 бензини асосан Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида ишлаб чиқарилади. Ушбу бензин бўйича сотув ҳажми 8,6 фоизга — 1805 тоннага нисбатан 1650 тоннагача камайган.

Аввалроқ, 2024 йил ноябр ойида AI-80 бензини учун максимал нарх 9 млн 377 минг 555 сўм этиб белгиланган эди. Ҳозир эса бу чеклов амалда эмас. Президент томонидан эса AI-80 бензиндан фойдаланишни чеклаш ва экологик тоза ёқилғига ўтиш бўйича вазифалар қўйилган.