1 августдан чиқиндидан қарздорларига электр учун тўлов қилиш чекланади

20:45 | 3 дақиқада ўқилади.

2025 йил 1 августдан бошлаб чиқиндилар учун қарздорликка эга абонентларнинг электр энергияси тўлови вақтинча чекланади. Бу «Чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиш хизматлари бўйича тўлов интизомини мустаҳкамлашга қаратилган» 2025 йил 7 мартдаги 1044-сонли Қонунга асосан жорий этилмоқда.

Elektr

Янги тартибга кўра, ҳар ойнинг 3 санасига қадар қарздор абонентлар тўғрисидаги маълумотлар «Toza makon» электрон тизими орқали «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖга юборилади. 5 санага қадар эса «2100» рақами орқали абонентларга SMS орқали огоҳлантириш юборилади.

Шундан сўнг, абонентларга қарздорликни бартараф этиш учун 5 кунлик муддат берилади. Агар бу вақт ичида чиқинди тўлови амалга оширилмаса, абонентларнинг электр энергияси учун тўлов қилиш имконияти вақтинча чекланади. Қарз тўлангандан сўнг чеклов автоматик равишда бекор қилинади.

Қайд этилишича, ушбу чеклов тартиби 2025 йил 30 июнга қадар йиғилган қарзларга нисбатан қўлланилмайди. Фақатгина 1 июлдан кейинги қарздорликлар асосида 1 августдан бошлаб татбиқ этилади.

Бунда санитар тозалаш корхоналари хизматларининг сифатли кўрсатилиши учун масъул ҳисобланади. Агар хизматлар ўз вақтида ва тўлиқ кўрсатилмаса, тўловлар қайта ҳисоблаб чиқилади. Абонентлар хизматлар бўйича шикоят ва таклифларини «1205» қисқа рақами орқали 24/7 режимида билдиришлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, мазкур Қонун аввалроқ 2024 йил 24 декабрда Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва 2025 йил 21 февралда Сенат томонидан маъқулланган эди.